Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари бирдамликда 10 та ҳарбий дала ошхона пунктлари чодирлар, чой қайнатишга мўлжалланган дала ошхонаси, қозон-ўчоқларни қисқа вақтда ўрнатиб, тушликка миллий таом –палов тайёрлади.

Барча ҳарбий дала ошхона пунктларидаги чодирлар иситгичлар, стол-стул, иссиқ чой билан таъминланиб, мобиль қурилмаларни қувватлаш жойлари яратилди. Ҳарбий дала ошхоналарига ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан 50 нафарга яқин ҳарбий хизматчи ажратилди.

Аномал совуқда юртдошларимизнинг ҳолидан хабар олиш, совуқ кунларда кўчада ва бошқа жойларда меҳнат қилаётганларга бироз бўлса-да иссиқлик улашиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганларга ёрдам қўлини чўзиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан ҳудудларда иситиш пунктлари, ҳарбий дала ошхоналари ташкил этилиб, аҳолига хизмат қилишни бошлади. Жумладан, Нукус шаҳридаги “Кўскўл-1,3,4”, 21-кичик даҳа, “Чимбой гузари”, “Айдин жол”, “Анасой”, “Қизилқум” ва “Жеке терек” маҳаллалари, шунингдек, “Жайҳун-учқудуқ” кўчасидаги 10 та ҳарбий дала ошхонасида кунига 100 кгилограммгача палов дамланиб, иссиқ чой ва ширинликлар улашилмоқда.

Ўзбек ва қорақалпоқ халқига хос бўлган оғизбирчилик, бағрикенглик, саховатпешалик каби олижаноб хислатлар, албатта, халқ бошига оғир кунлар келганда, юртдошларимиз аҳволи оғирлашганда янаям кўпроқ билинади. Шу боис, менталитетимизга хос бўлган бу инсоний фазилатлар асрлар давомида сақланиб, улуғ қадриятлар сифатида қадрланади.

Нукус шаҳар ҳокимлиги томонидан тақдим этилган масаллиқлардан 10 та қозонда тайёрланган таомлар маҳалла аҳолиси, ободонлаштириш ва бошқа ташкилот ишчи-ходимлари, шунингдек, ижтимоий аҳволи оғир бўлган юртдошларимизга тортиқ этилди.

Синовли кунларда “Халқ ва армия, бир тану бир жон” деган эзгу ғоянинг амалий ифодасини яна бир бор намоён этаётган хайрия тадбирлари давом этади.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА