Юздан ортиқ мамлакат вакиллари, жумладан, элликдан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари Давосда дунё дуч келаётган озиқ-овқат, энергетика ва бошқа инқирозларни ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилади. Бу ҳақда “euronews” телеканали хабар қилди.
Душанбадан бошлаб 20 январга қадар давом этадиган Жаҳон иқтисодий форумининг 53-йиллик йиғилишида хавфсизликдан тортиб, атроф-муҳитга қадар бўлган масалаларни ўз ичига олган мунозараларни “Бўлинган дунёда ҳамкорлик” мавзуси бирлаштиради, дейилади хабарда.
“Биз кўплаб сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий кучлар глобал ва миллий миқёсда бўлиниш кучайиб бораётганини кўраяпмиз”, деди Жаҳон иқтисодий форуми ижрочи раиси Клаус Шваб. “Бу йил Давосда элликдан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарларининг иштирок этиши рекорд натижадир”, деб қўшимча қилди у.
Швейцариянинг “TAN” газетаси Давосда АҚШ, Хитой ва Россиядан юқори мартабали мулозимларидан қатнашмаслигига эътибор қаратди.
Давосга жами 2,7 мингдан ортиқ иштирокчи келиши кутилмоқда.
ЎзА