“Шарқ юлдузи” журнали дейилганда катта авлод вакилларининг кўз олдига ўз даврида ҳар битта ўзбек хонадонида бўлиши керак бўлган, ҳатто қўшни республикаларгача тарқалиб, эъзоз топган ва севилиб мутолаа қилинган чин маънодаги адабий журнал келади.

Хўш, бугунчи?

Ҳозирги авлод вакиллари, хусусан, ёшлар ушбу журнал ҳақида билишадими? Бугун бу журналларнинг ўз ўқувчилари, обуначилари сони қанчага етади? Журнал саҳифаларини ҳар варақлаганда ўзбек ва дунё адабиётининг “нафаси” сезилиб турадиган, давр руҳи билан ҳамоҳанг тарзда ёзилаётган ўткир мақолалар, эсселар, қисса ва романларни ўқимасдан, давомини интиқ кутмасдан бефарқ бўлаётган бугунги замон одамлари, миллат оилалари ютқизмаяптимикин…?

Ўзининг 90 йиллик узоқ тарихига эга “Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналлари куни кеча Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан алоҳида эътироф этилиб, юбилей тарзида тантанали тадбир ўтказди.

Йиғилишда бугунги ўзбек адабиёти зиёлилари, журнал адабий ходимлари ва фахрийлари, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Маълумот ўрнида айтиш ўринлики, мазкур адабий-бадиий, илмий, ижтимоий-сиёсий журнал расман 1931 йилдан чоп этила бошлангани қайд этилсада, даставвал ”Қурилиш”, 1934 йилдан “Совет адабиёти”, 1937-1941 йилларда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 1946 йилдан эътиборан улуғ адиб Ойбек домланинг саъй-ҳаракатлари билан “Шарқ юлдузи” номини олган.

ХХ асрнинг 70-80- йилларида ўзбек маданий-маънавий ҳаётини ёритишда етакчи ва обрўли нашрлардан бири сифатида халқ эътиборини қозонган мазкур журнал ҳақиқий маънода ўзбек зиёлилари, адабий жамоатчилик учун минбар сифатида ўз саҳифаларида бадиий асар намуналаридан тортиб, ижтимоий ҳаётда мавжуд бўлган долзарб муаммоларни ҳам мумтазам чоп этиб борувчи нашр сифатида фаолият юритган.

Қишнинг зийнати ўлароқ бугун бутун атроф оппоқ қорга бурканди. Ҳамма иссиқ ўрнида, оила даврасида ўтирган бир пайтда бундай совуқда тадбирга йиғилишнинг ўзи амри маҳол эди. Лекин адабиётни ардоқлаган, миллат тақдирига бефарқ бўлмаганлар адабиётимиз учун, журнал ҳурмати учун ҳатто узоқ вилоятлардан ҳам ташриф буюрдилар.

Гапимиз сўнгида журнал учун айтар тилагимиз шу:  

Қадринг баланд бўлиб, умринг узун бўлсин!

 

Ўткир Aлимов, Нишонбой Aбдувоитов (видео), ЎзA