Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида яшовчи оиланинг 2 ёшли қизалоғи қишлоқ оилавий шифокорлик пунктидан эмлаш олгандан сўнг фалаж бўлиб қолгани хусусидаги хабарлар тарқалди ва бу кенг жамоатчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлди.

Хўш, аслида воқеа қандай бўлган? Қизалоқ ростдан ҳам эмлаш натижасида ушбу касалга йўқлиққанми? Мазкур саволларга аниқлик киритиш мақсадида Кўкдала туманига бориб мутасаддилар билан суҳбатлашдик.

Қизалоқнинг исми Самира Фурқатова ва у улғаяётган оила Кўкдала тумани Галабек қишлоғида яшайди. Суриштирувни оила яшайдиган манзилдан бошладик. Ўша куни яъни ўтган йилнинг 22 ноябрь куни қизамиққа қарши эмлаш олиш учун қизалоқнинг бувиси Гулсара Бозорова қишлоқ оилавий шифокорлик пунктига олиб борган. Бувисининг гапларига кўра, ўша кунлари болада озгина шамоллаш аломатлари бўлиб, баъзи-баъзида йўталиб турган. Бу ҳақида ҳамширага айтган. Аммо вакцинани ўтказаётган ҳамшира қизалоқда ҳеч қандай текширув ўтказмасдан эмлашни амалга оширган. Эмлашдан сўнг болада ҳолсизлик ва инжиқлик кузатилгач, улар ҳамшира билан боғланиб, маслаҳат сўрашади. Бироқ берилган маслаҳатлар наф бермай, қизчанинг аҳволи оғирлаша бошлайди. Қўл ва оёғи ҳаракатдан тўхтайди.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида ҳудуддаги Галабек оилавий шифокорлик пунктига бордик. Ўша кунги эмлаш жараёни ҳужжатлари билан танишдик. Шифокорлардан бу борада изоҳ олдик. Ўша куни эмлашни амалга оширган ҳамшира афсуски муҳим иш билан кетганини айтишди.

– Ўтган йилнинг 23 ноябрь куни 269 нафар бола  қизамиққа қарши эмланган, – дейди ОШП бош шифокори Бойназар Маматов. – Бу оммавий эмлаш ҳисобланади. Ўша куни эмланган болаларнинг 5 нафарида тана ҳарорати кўтарилгани ҳақида мурожаат бўлган ва бошқа ҳеч қандай салбий ҳолат кузатилмаган. Самира ҳақида айтадиган бўлсам, ўша куни келганда у соғлом бўлган. Ҳеч қандай қарши кўрсатма берилмаган. Шунга кўра, эмланган. Баъзи манбаларда кўрсатилишича, 100 минг нафар боладан бир нафарида эмлашдан кейин шундай ҳолатлар кузатилиши мумкин экан.

– Қизалоқнинг уйдагилари ўша куни боланинг шамоллаб турганини таъкидлашди, буни қандай изоҳлайсиз, сўраймиз ундан.

– Ҳарорати кўтарилиб турган ва шамоллаши бор болага эмлаш қилинмайди. Биздаги қайд этиш дафтарига қизалоқнинг ҳарароти кўтарилмагани ёзилган.

Хуллас, қариндошларнинг таъкидлашича, эмлашдан кейин болада фалажлик ҳолати кузатилган ва бунинг олдини олиш учун улар Кўкдала туман марказидаги шифохонага, ундан Чироқчи тумани марказидаги шифохонага, кейин Самарқанд ва Тошкентдаги марказий шифохоналарга даволатишган ва бунинг учун анчагина харажат қилинган. Шу билан бирга қизалоқнинг яқинлари, борилган шифохолардаги бирорта мутахассис ушбу ҳолат эмлаш оқибатида юз берганини таъкидлаганми, деган саволга тошкентлик мутахасислар эмлаш нерв ҳужайраларига шикаст етказган яъни нотўғри жойга қилинган, деган жавобни берган.

Ушбу ҳолат юзасидан туман тиббиёт бирлашмаси масъулларидан ўтказилган таҳлиллар ва ҳолат бўйича муносабат олишга ҳаракат қилдик. Уларнинг сўзларига кўра ушбу хасталик камдан кам ҳолда учраса-да, аммо даволаш имкони бор экан.

– Куни кеча ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида икки ёшли қизалоқнинг эмлашдан кейин фалаж бўлиб қолганлиги хусусида хабар тарқалди. Бу хабар юзасидан Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Кўклада туман тиббиёт бирлашмаси томонидан воқеа жойига бориб ўрганиш ишлари олиб борилди, – дейди Кўкдала тумани тиббиёт бирлашмаси даволаш ишлари бўйича бошлиқ ўринбосари Абдимурод Тошмаматов. – Ўрганиш давомида беморда режали равишта қизамиққа қарши эмлаш олинган. Бу эмлаш фалажликка олиб келмаган. Бу беморда олдиндан мавжуд бўлган яширин ҳолдаги касалликни ривожланишига сабабчи бўлган. Ҳозирги кунда беморнинг ҳолати ижобий томонга ўзгарган. Қўлларида, оёқларида ҳаракат сезиляпти. Бу касаллик муддат талаб қилади. Бир-икки йил давомида кўрмагандек бўлиб кетади. Вилоят масъуллари ҳеч қандай жавоб бермади, деган даъво асоссиз. Боиси вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи топшириғи билан вилоятнинг энг етакчи мутахассислари ушбу масалага жалб қилинди ва чуқурлаштирилган текширувлар олиб борилди.

Хулоса қилиб айтганда қизалоқнинг яқинлари боланинг эмлашдан кейин шу касалга гирифтор бўлганини таъкидлашса, мутахассислар бу эмлаш оқибатида эмас, балки эмлаш яширин касалликни қўзғатганини айтишмоқда. Нима бўлганда ҳам югуриб юрган қизчанинг бу аҳволга тушиши яқинларини изтиробга солгани бор гап. Аммо ёмон кунлар ортда қолди, дейди мутахассислар. Ҳозирда қизчада ҳаракат аломатлари сезиларли даражада яхшиланган. Шундай бўлса-да, у ҳали парваришга муҳтож, бу борада туман ҳокимлиги ва туман тиббиёт бирлашмаси мутасаддилари ҳам қизчанинг тезроқ тузалиб кетиши учун кўмакка тайёр эканлигини маълум қилишди.


Ўлмас Баротов, ЎзА