Бухоро вилояти Бухоро тумани “Работиқалмоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 6 гектар ер майдонида 240 мегаватт кучланишга эга иссиқлик электр станцияси барпо этилмоқда.

Юз фоиз хориж сармояси асосида, умумий қиймати 150 миллион АҚШ долларига тенг мегалойиҳа Туркиянинг “AKSA ENERJY URETIM A.S.” компанияси томонидан амалга ошириляпти. Инвесторлар томони электр станцияси учун чет элдан 40 миллион АҚШ долларидан ортиқ сармояга замонавий технология олиб келиб, йирик конструкцияли корхона қурилиши  бошланди. Электр станцияси учун 20 километр масофадан табиий газ, 5 километр масофадан сув қувури, қолаверса, йўл ва бошқа зарур муҳандислик–коммуникация тармоқлари тортилиб, яқин-яқингача шўрхок, ташландиқ ҳолдаги ер обод қилинди ва ишлаб чиқариш учун қулай шароит яратилди.

Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, шу кунга қадар Бухоро вилоятида электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати мавжуд бўлмаган. Ҳолбуки, сўнгги йилларда аҳоли сони баробарида халқ хўжалигининг турли тармоқлари учун истеъмол сарфи кескин ошиб  бораётгани бу борадаги талаб ва эҳтиёжни қондириш ва қўшимча қувватларни ишга туширишни тақозо этмоқда. Аниқроғи, аҳолининг электр энергиясига бўлган талаби сўнгги 5 йилда 150 мегаватт миқдорга ўсган. Шу боисдан, 2022 йилда Бухоро туманида табиий газ поршенли электр станциясининг қуриб ишга туширилгани бу борадаги танқислик ва етишмовчилик ўрнини тўлдиришга хизмат қилмоқда. Бошқача айтганда, янги тажриба ва замонавий ёндашув асосидаги мазкур лойиҳа туфайли тармоққа қўшимча 270 мегаватт ҳажмдаги қувват қўшилди. Бу эса амалда 1 миллионта хонадонни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш имконини беради.

– Ишлаб чиқариш ҳажми 2,2 миллиард киловатт соатга тенг мазкур йирик истиқболли лойиҳа билан қардош Ўзбекистонда эканлигимиздан мамнунмиз, – дейди хорижий инвестор вакили, иссиқлик электр станцияси бошлиғи Атилла Назиф Атай. — Бу “AKSA ENERJY URETIM A.S.” компанияси фаолияти тарихидаги энг йирик инвесторлик лойиҳаси. Айни кунда қардош юртда учта худди шундай табиий газ иссиқлик электр станцияларини қуриб, 12–18 ойда ишга туширмоқдамиз. Бу ҳам давлатларимиз ўртасидаги ўзаро ишонч ва тенг манфаатли ҳамкорлик ривожидан дарак, албатта. Айни пайтда биз, Бухоро ва Тошкент вилоятларида амалга ошираётган замонавий технологиялар асосида қурган 3 та станциямизда буғ трубиналари билан бирлаштирилган яхлит циклни амалга ошириб, натижада ишлаб чиқариш учун сарфланаётган табиий газни тежашга ва ресурс самарадорлигига эришмоқдамиз. Бу мамлакат иқтисодиёти учун ҳам қўшимча қиймат улуши ҳисобланади.

2022 йил ҳисоб-китобига кўра, Бухоро туманида фаолият бошлаганига кўп бўлмаган табиий газ поршенли иссиқлик электр станцияси томонидан истеъмолчиларга 1,5 миллиард киловатт соат электр энергияси етказиб берилган.

– Албатта, бугунги электр энергияси танқислиги даврида бу станциянинг аҳоли турмуш даражасини яхшилашдаги ўрни ва аҳамияти катта, – дейди меҳнат фахрийси, 80 ёшли отахон Муҳаммад Жамолов. – Қолаверса, суриштириб билдикки, қаровсиз ва нообод ерда барпо қилинган замонавий мажмуанинг экология ва атроф-муҳитга, қолаверса, одамлар саломатлигига ҳеч қандай салбий таъсири йўқ. Негаки, унда табиий газ ресурси йирик ҳажмли қозонларда бораётган қайта ишлаш жараёнига йўналтирилмоқда. Яна бир долзарб жиҳати, бу ерда эндиликда 80 нафарга яқин ёш мутахассис ишли бўлди.

Иссиқлик электр станцияси мамлакатимиз электр таъминоти тизими учун ҳам мутлақо янгича модуль. Унинг Бухорода қад ростлагани сабаби ҳам юқорида айтилганидек, аввало талаб ва эҳтиёжга узвий боғлиқ. Қолаверса, айни кунда тармоқда янги лойиҳалар қаторида Пешку ва Ғиждувон туманларида ҳар бирининг қуввати 500 мегаватт соатга тенг 2 та шамол электр станцияси барпо этилмоқда. Шунингдек, Олот туманида ишлаб чиқариш қуввати 250 мегаваттга тенг қуёш электр станцияси лойиҳалаштирилган ва бу борада амалий ҳаракат бошланган. Бошқача айтганда, биргина Бухоро вилоятининг ўзида юқоридагидек, “Яшил лойиҳа”лар ҳажми 1250 мегаваттни ташкил этмоқда. “AKSA ENERJY BUKHARA” корхонаси эса тармоқда таъминотни барқарорлаштириш ва мувозанатни сақлашга хизмат қилади.

Юз фоиз хорижий капитал асосидаги  “AKSA ENERJY URETIM A.S.” компаниясининг Бухородаги гигант лойиҳаси – иссиқлик электр станцияси айни кунда вилоятнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг 70 фоизга яқинини қоплаши мумкинлиги эътироф қилинмоқда.

Мазкур корхона туфайли мамлакатимиздаги электр станцияларининг ялпи ишлаб чиқариш қуввати эса 740 мегаватт соатга оширилмоқда. Турк инвесторларининг мақсади эса бу борада мамлакатимиз энергетика бозоридан муқим ва мустаҳкам ўрин эгаллаш.


Зариф Комилов, ЎзА