Президент Шавкат Мирзиёев раислигида саноатда ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиш суръатларини таъминлаш, мавжуд имкониятлар ва янги захираларни сафарбар этиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.

Асосий масалага ўтишдан аввал давлатимиз раҳбари мамлакатимизга кириб келган совуқ ҳаво таъсирини беталафот ўтказиш чораларига тўхталиб ўтди.

Барча туман ва ҳудудларда ташкил этилган штаблар узлуксиз ишлаши кераклиги, аҳоли эҳтиёжлари тезкор ҳал этиб борилиши шартлиги таъкидланди.

Ижтимоий соҳа объектларини энергия ва иссиқлик билан таъминлашни алоҳида назоратга олиш зарурлиги қайд этилди.

Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияга йўлларни тозалаш ишларини ва транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатини ташкил этиш топширилди.

Барча серқатнов йўналишларда жамоат транспортининг узлуксиз ҳаракати таъминланиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти олдига ҳар бир вилоят, туман ва шаҳардаги аҳвол бўйича кунлик назорат ўрнатиб, жойлардаги муаммоларни тезкор бартараф этиш вазифаси қўйилди.

ЎзА