Мўйноқ туманида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ва туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган “Karakalpakstan Tourism Forum” ўтказилди.
Илк маротаба ташкиллаштирилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари, Туризм ва маданий мерос вазири Р.Зарикеев, Мўйноқ тумани ҳокими Б.Менглибеков, туризм соҳасида халқаро лойиҳалар бўйича эксперт Н.Шаббозова ва бошқалар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда, шу жумладан, Оролбўйида туризмни ривожлантириш, хорижий сайёҳларни жалб қилиш, уларга қулай шарт-шароит яратиш ва сифатли хизмат кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда юртимизда барча соҳалар каби туризм ҳам жадал ривожланмоқда. Республикада ички туризмни оммалаштириш, хорижий сайёҳларни жалб қилиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан бир қатор қарорлар, лойиҳалар амалга оширилмоқда, янги ташаббуслар қўллаб-қувватланмоқда.
Жорий йил давомида Қорақалпоғистон Республикасида туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 133 миллиард сўмлик 72 та лойиҳа амалга оширилди ва шунинг натижасида 950 та янги иш ўрни яратилди. Йил бошидан шаҳар ва туманларда 6 та оилавий меҳмон уйи, 4 та ҳостел ташкил этилиб, уларнинг сони 61 тага етди. Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ипак йўлида туризм” халқаро туризм ярмаркасида Қорақалпоғистон Республикаси ҳам фаол иштирок этиб, 4 миллиард 800 миллион сўмлик шартнома имзоланди.
Глобал пандемия даврига қарамасдан 2021 йилда Қорақалпоғистон Республикасига 284 минг нафар маҳаллий ва 25 минг нафарга яқин хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, жорий йил давомида 600 минг нафардан зиёд маҳаллий ва 50 минг нафардан зиёд хорижий сайёҳ келган.
Мўйноқ тумани алоҳида туристик дестинация сифатида бир қатор диққатга сазовор жойларга эга бўлиб, ўзига хос томонлари билан ажралиб туради. Туманда “NavrUz” этнофестивали, миллий от спорти, “Стихия” электрон мусиқа, санъат ва илм-фан фестивали, Устюрт текислиги бўйлаб “Rally Muynak” экстремал автопойгаси, “Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши” халқаро экофестивали, “Орол балиқларидан 99 турдаги таомлар” гастрономик фестивали ташкил этилди. Мўйноқнинг туристик объектларидан туман марказининг ўзида “Ҳунармандлар хиёбони”, “Шоирлар хиёбони”, “Muynak Times” минора-соати, “Орол денгизи тарихи музейи”, “Маяк” ўтовлар мажмуаси, Экология музейи каби йирик маданий, маданий-кўнгилочар ва селфи-объектлар барпо этилган.
Форум доирасида шаҳар ва туманларнинг туризм имкониятлари тақдимоти, Қорақалпоғистон Республикасида фаолият олиб борувчи туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектларининг кўргазмалари ташкил этилди. Шунингдек, туризм соҳасидаги сўнгги янгиликлар, муаммолар ва уларни ечиш йўллари бўйича суҳбат ва учрашувлар ўтказилиб, туризм соҳасида амалга оширилган ишлар ва яқин келажакдаги режалар таништирилди.
Бундан ташқари, туризм соҳасига рақамли иқтисодиёт тамойилларини жорий қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ташаббуси ва кўмагида ишлаб чиқилган “Welcome to Muynak” интерактив туристик харитаси ва www.yurtashop.uz (http://www.yurtashop.uz/) онлайн сувенир дўкони тақдимоти бўлиб ўтди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА