Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида давлатимиз раҳбари фармон ва қарорларининг жойларда ижросини таъминлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси З.Маҳкамова ва бошқалар давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, жорий йил 29 июндаги “Маҳаллаларда ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам бериш тизимини янги босқичга кўтариш, хотин-қизларни касбга ўргатиш ишларини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 21 сентябрдаги “Хотин-қизлар бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижроси юзасидан долзарб вазифаларга тўхталди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлигини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида  кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, маҳаллаларда ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш ишларини комплекс ташкил этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига “оилабай” ёндашув тизимини жорий этиш, кўрсатилаётган ижтимоий хизматларнинг сони ва сифатини ошириш, бунга жавобгар бўлган вазирлик ва идораларнинг масъулиятини кучайтириш, хотин-қизларни касбга ўқитиш тизимини янада жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда касаначилик, хизмат кўрсатишни ривожлантириш орқали оила бюджети даромадларини ошириш, иш билан банд бўлмаган хотин-қизлар сонини қисқартириш, уй меҳнатидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тадбирда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, аёллар саломатлигини таъминлаш ва субсидия ажратишдаги камчиликлар қайд этилди ва уларни бартараф этиш юзасидан тегишли идора вакилларига топшириқлар берилди.

Ташриф давомида Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси З.Маҳкамова Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлимига борди. Бу ерда аёллар билан мулоқот қилди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА