Шу кунларда Андижон вилоятининг аксарият ҳудудларида қалин туман тушмоқда. Бу эса автомобилларнинг эркин ҳаракатланишида қийинчиликлар туғдирмоқда, айрим ҳолларда кўнгилсиз ҳодисаларни юзага келтирмоқда.

Ана шундай ҳолатлардан бири Андижон вилояти Избоскан туманида юз берди. Вилоят ички ишлар бошқармаси Матбуот хизмати тақдим этган маълумотга кўра, Избоскан тумани ҳудудидан ўтган «Пойтуғ» темир йўлининг 169 километр 10 пикетда жойлашган  қўриқланмайдиган темир йўл кесишмасида юк ортиб кетаётган электровоз «Дамас» русумли автомашина билан тўқнашиб кетган.

Давлат рақами 60 U 293 GA бўлган дамас автомашинаси ҳайдовчиси,  1988 йилда туғилган Б.Ё. қалин туман туфайли темир йўл кесишмасидан ўтаётган вақтида ҳаракатланиб келаётган электровозни кўрмай қолиб, унинг йўлига чиқиб юборган.

Ҳодиса оқибатида дамас ҳайдовчиси тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилган.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА