Бу ҳақида Самарқанд вилоятининг туристик салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва 2023 йилга мўлжалланган режалар юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида вилоят ҳокими ўринбосари – туризм ва маданий мерос бошқармаси бошлиғи Рустам Қобилов маълум қилди.

Аввало, матбуот анжумани учун Самарқанд шаҳрида янги очилган меҳмонхоналардан бири танланганини қайд этиш лозим. Атиги саккиз сотих майдонда маҳаллий тадбиркор томонидан бунёд этилган ихчам ва халқаро стандартларга мос меҳмонхонада 50 ўрин яратилган. 36 та номер люкс ва стандарт хоналардан иборат. Меҳмонхонанинг ертўласи ва том қисми ҳисобланган учинчи қаватидан ресторан ва кафе сифатида фойдаланиш имконияти яратилган. Бу жойларда бир вақтнинг ўзида 180 кишигача хизмат кўрсатиш мумкин.

– Бугунги кунда вилоятимиздаги меҳмонхоналар сони 154 тага, улардаги ўринлар сони 10719 тага етди, – деди Р.Қобилов. – Биргина жорий йилда қарийб тўрт минг ўринли қирққа яқин меҳмонхона фойдаланишга топиширилди. Мазкур меҳмонхона ҳам сентябрь ойида ишга тушди. Давлатимиз томонидан яратиб берилган имконият ва имтиёзлар туфайли тадбиркорларимиз мана шу каби кичик, аммо халқаро талабларга тўла мос жойлаштириш воситалари ташкил этишга эътибор қаратмоқда. Бундан ташқари, айни пайтда вилоятимиздаги меҳмон уйлари 305 тани, хостеллар 48 тани, туроператорлар 192 тани ташкил этмоқда. Келгуси йилда вилоятимизда яна 30 та меҳмонхона, 100 дан ортиқ меҳмон уйи, 40 та хостел ташкил этиш режалаштирилган. Туроператорлар яна 50 тага кўпаяди.

Ўтаётган йилда вилоятимизга аввалги йиллардан сезиларли даражада кўп сайёҳ келди. Ўн бир ой давомида Самарқандда бўлган маҳаллий сайёҳлар 4,2 миллион, хорижликлар 1,2 миллион нафарни ташкил этди. Хорижлик сайёҳларнинг катта қисми – 326,5 минг нафари россияликлар, 268,7 минг нафари тожикистонликлар, 137 минг нафарини қозоғистонликлар бўлди. Шунингдек, Европа (149,5 минг), АҚШ ва Жанубий Америка (98,2), Осиё (96,3 минг), Яқин Шарқ (58,6 минг) давлатларидан ҳам ҳар қачонгидан кўп турист келди. Йил бошидан буён келган сайёҳлар сонини таҳлил қилиб кўрдик – кунига 11800 нафар маҳаллий сайёҳ Самарқандни зиёрат қилаётган экан.

Р.Қобиловнинг таъкидлашича, 2023 йилда вилоятнинг туристик салоҳиятини ошириш учун 6,2 триллион сўмлик 160 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Бунинг натижасида 15700 та янги ўрни яратилади.  Туман ва шаҳарлардаги 239 маҳаллани ривожлантиришнинг асосий драйвери сифатида туризм белгиланиб, зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Вилоятда илк бор Самарқанд шаҳрида гастрономик туризм кластери, Пайариқ туманида зиёрат туризми кластери, Тойлоқ туманида виночилик туризм кластери, Нурободда тиббиёт туризми кластери, Самарқанд туманида бизнес туризм кластери ва Ургут туманида тоғ туризми кластери ташкил этилади. Самарқанд халқаро аэропортидан амалга оширилаётган кунлик рейслар сони ҳозирги 10 тадан 20 тага етказилади. Сайёҳларнинг Самарқандда бўлиш кунларини ошириш мақсадида беш кунлик туризм дастури ишлаб чиқилди.

Маълум қилинишича, келгуси йилда Самарқандда 25 та нуфузли халқаро форум ва анжуманлар ўтказилади. Бу тадбирларга ҳозирдан пухта ҳозирлик кўрилмоқда.

Ғ.ҲАСАНОВ,  

А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА