Бугун ахборот коммуникациялари технологиялари ҳаётимиздан муҳим ўрин эгаллаб бормоқда. Барча соҳада ахборотлаштириш, рақамлаштириш, электрон давлат хизматларини янада кенгайтириш, автоматлаштирилган хизматлар улушини ошириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ахборот соҳасининг ҳуқуқий асосларини умумлаштириш, ушбу йўналишдаги ҳуқуқий ҳужжатларни ягона кодексга бирлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг Ахборот кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ахборот кодекси лойиҳаси regulation.gov.uz порталига жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Кодекс ахборотлаштириш, ахборот ресурслари ва ахборот тизимларидан фойдаланиш, ахборотни эркин излаш, олиш, тадқиқ этиш, узатиш ҳамда тарқатишга доир конституциявий ҳуқуқни амалга ошириш жараёнида юзага келадиган, шунингдек, ахборотнинг муҳофаза қилинишини ҳамда шахс, жамият ва давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлигини, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

14 боб, 131 моддадан иборат лойиҳада ахборот соҳасига оид кўплаб тушунчалар ҳамда соҳадаги муносабатларнинг ҳуқуқий асослари батафсил очиб берилган.

Кодекс лойиҳасининг муҳокамаси шу йил 29 декабрга қадар давом этади.

 

М.Комилова, ЎзА