Мамлакатимизда аҳолининг ичимлик ва оқова сув хизматлари билан қамраб олинганлик даражасини ошириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур йўналишдаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, соҳадаги мавжуд ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдириш учун меъёрий-ҳуқуқий базани замон талабларига мос равишда такомиллаштириш талаб этилмоқда. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжат жорий йилнинг 24 октябрь куни кучга кирди.

Мазкур қонунга мувофиқ республика ҳудудидаги ҳар бир фуқаро ичимлик сув истеъмоли нормалари доирасида белгиланган сифатдаги сув билан таъминлашни кафолатланиши, ичимлик сув таъминоти ташкилотларининг 14 та асосий вазифаси, 15 та мажбурияти, 5 та масалада жавобгарлиги белгиланиб, хизмат кўрсатиш тўхтатилиши мумкин бўлган ҳолатлар ва муддатлар аниқ кўрсатилган.

Бу ҳақида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов маълумот берди. Бунда ҳар қандай ҳолатда ҳам ичимлик сувини биринчи навбатда жисмоний шахсларнинг, озиқ-овқат саноати корхоналарининг ва тиббиёт ташкилотларининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжларига йўналтириш, сув таъминоти режа асосида 12 соатдан кўп муддатга узилганда, аҳолини транспорт ёрдамида ичимлик суви билан таъминлаш каби меъёрлар киритилгани таъкидланди.

Шунингдек, табиий офатлар рўй берганда, электр таъминоти тўхтатилганда, авария ҳолатларида, тармоққа ўзбошимчалик билан уланиш аниқланганда ва ёнғин чиққан жойларга сув узатишни кўпайтиришга зарурат юзага келганда огоҳлантирилмаган ҳолда сув берилишини тўхтатиш ҳуқуқи белгиланган. Келгусида истеъмолчиларга асоссиз ҳисобланган суммани сув таъминоти ташкилоти тўлиқ қайтариб беришидан ташқари, ушбу ҳолат суд томонидан қайд этилганда мазкур сумманинг ярмини истеъмолчи компенсация тарзда олиш ҳуқуқига эга бўлиши ҳам кўрсатилган.

Бундан ташқари, ичимлик суви ва оқова сув қувурларининг истеъмолчилар ҳудудига биринчи кирган қисмигача ичимлик сув таъминоти ташкилоти масъул ҳисобланиши ҳамда мазкур чегара ҳудудида хизмат кўрсатилиши,  ичимлик суви ва оқова сув чиқариш хизматлари бўйича жисмоний шахслар билан муддатсиз шартнома расмийлаштирилиши, транспортда ичимлик суви етказиш асоси, тартиби, талаби, шунингдек, транспортга қўйиладиган талаблар белгиланган.

Тарифлар жамоатчилик муҳокамаси ўтказилгандан сўнг ичимлик суви таъминоти ташкилотлари томонидан ҳудудий монополияга қарши курашиш ва молия органларига киритилиб, улар томонидан ўн кун муддатда кўриб чиқилиши ҳамда таклифларни рад этиш, қайта кўриб чиқиш ёки қабул қилиш ҳақида ўз хулосаларини тақдим этишлари ҳам қонунда кўрсатиб ўтилган.

– Шу ўринда, истеъмолчиларга Президентимизнинг жорий йил 24 майдаги “Аҳолининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига мувофиқ, 2023 йил 1 январдан бошлаб янги тартиб ўрнатилишини эслатиб ўтамиз, – деди “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов. Хусусан, 2023 йил 1 январдан бошлаб, аҳолига қиёслаш муддати тугаган сув ҳисоблагичларни янгисига алмаштириш “Ўзсувтаъминот” АЖ ва ҳудудий сув таъминоти корхоналарининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бундан ташқари, республика ҳудудига техник талабларга жавоб бермайдиган сув ҳисоблагичларни ва уларнинг қўшимча воситаларини олиб кириш ҳамда ўрнатиш тақиқланади. “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда совуқ сувни ҳисобга олиш ускуналарининг турларига нисбатан техник талаблари ишлаб чиқилиб, ташкилотнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.

Шунингдек, ичимлик суви таъминоти объектлари фойдаланишга тайёр ҳолда топширилган тақдирда аҳолининг ихтиёрига кўра давлат хизматлари марказлари орқали ёки “Ўзсувтаъминот” АЖ билан тўғридан-тўғри шартнома тузишга ва ўлчов ускуналарини тамғалашга рухсат берилади. Бундан ташқари, 2023 йил 1 январдан бошлаб юридик шахс ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи истеъмолчилар томонидан ҳудудий сув таъминоти корхоналарига масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатилиши талаб этилади.

 

Нилуфар Бозорова, 

ЎзА