Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида гибрид шаклда сиёсий маслаҳатлашувларнинг тўртинчи давраси бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов ва Буюк Британия ташқи сиёсат идораси раҳбари ўринбосари Лео Докерти очиб берди.

Музокарада Ўзбекистон томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо, Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш, Адлия, Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Экология давлат қўмитаси, Ўзгидромет ва Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлиги, шунингдек, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро алоқанинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Сиёсий-дипломатик мулоқотни кенгайтириш, умумий кун тартибини амалий мазмун билан тўлдириш юзасидан фикр алмашилди. Мулоқот чоғида иқтисодий дипломатияни фаоллаштириш масаласи ҳам муҳим ўрин тутди. Шу нуқтайи назардан, икки мамлакат ишбилармон вакиллари ўртасида, жумладан, савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон – Буюк Британия кенгаши доирасида тўғридан-тўғри алоқани фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Турли соҳаларда қўшма инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқиш, Ўзбекистондан Буюк Британияга экспорт қилинадиган товарлар турини кенгайтириш ва савдо айланмаси ҳажмини ошириш бўйича дастлабки келишувга эришилди.

Британия томони меҳнат миграцияси соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиқиш билдирди.

Томонлар маданий-гуманитар алоқани кенгайтириш, илмий соҳадаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, умумий, касб-ҳунар ва олий таълим соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр экани тасдиқланди.

Бундай ташқари, сиёсий маслаҳатлашувлар даражасини ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари даражасидаги мулоқотга кўтаришга келишиб олинди.

 

Б.Худойбердиев,

Н.Ҳайдаров (сурат),

ЎзА