Самарқанд давлат университети халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Мухтор Носиров ва Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти директори, доцент Тошпўлат Ражабов ноябрь ойида Италия, Германия, Венгрия давлатлари бўйлаб уюштирилган илмий сафар давомида ҳамкорлар билан аграр соҳага оид хориж тажрибасини ўрганиш, олий ўқув юртлари аро алоқа ўрнатиш, профессор-ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш, СамДУ талабаларини Европага магистратура ва докторантурага ўқишга юбориш каби масалаларни муҳокама қилган эдилар.

Бугунги кунда ўша музокаралар асосида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Венгриянинг Сегед университети профессори Ференц Лантош СамДУ Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти директорининг илмий ишлар ва халқаро ҳамкорлик бўйича ўринбосари сифатида  фаолият бoшлaди.

– Юртингизга илк бор келишим, таасуротим аъло, – дейди Ференц Лантош. – Келишимдан олдин Ўзбекистон таълим тизимини ўргандим, менга соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар жуда маъқул келди. Мақсадимиз –  Ўзбекистон ва Венгрия олий ўқув юртлари ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатиш. Ишни Сегед университети мисолида бошладик. Ўзбекистонда боғдорчилик, мева-сабзавотчилик қишлоқ хўжалигининг асосий тармоқлари ҳисобланади. Соҳани замон талаби даражасида янада ривожлантириш учун Европа, хусусан, Венгрияда эришилган ютуқларни, илмий тажрибани бу ерда татбиқ этмоқчимиз. Шунингдек, кадр тайёрлаш, профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўямиз. “Stipendium Hungaricum” дастури асосида янгича тизим ишлаб чиқамиз. Келажакда ўзбек талабаларини Венгриянинг нуфузли олий таълим муассасаларига магистратура, докторантура бўйича ўқишга юбориш кўзда тутилган. Қолаверса, илмий тадқиқот ишлари жоирасида юқори илмий салоҳиятга эга журналларда мақолалар чиқариш, халқаро грантлар ютишга қаратилган шериклик асосида кенг кўламли ишларни амалга оширамиз.

Беҳруз ШАМСИДДИНОВ,

СамДУ ахборот хизмати ходими,

Шавкат АКРАМОВ (сурат)