Ер участкасини ҳисобга олиш ва ерга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, аввало, ер участкаларини муҳофаза қилиш, ерга бўлган муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги “Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Ушбу қарорга мувофиқ кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича электрон дастур орқали Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига давлат хизматлар маркази ва ягона интерактив порталидан 2022 йилнинг 1 январидан 1 декабрига қадар жисмоний ва юридик шахслардан жами 61 минг 938 та ариза буюртма қабул қилинган.

Бошқарма Ахборот хизматининг маълум қилишича,  шундан 53 минг 519 таси ижобий якунланиб, давлат рўйхатидан ўтказилган. 1 минг 64 та ариза буюртма давлат хизматлар маркази томонидан бекор қилинган, 5 минг 262 таси эса  маълум сабабларга кўра рад этилган.  Ижара ва ипотека шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича жисмоний ва юридик шахслардан 2730 та ариза келиб тушган.

Жаҳон банки иштирокидаги “Кўчмас мулк ва кадастр тизимини рўйхатга олиш тизимини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган “Ўзкад” ахборот тизими орқали дастлаб Қорақалпоғистон Республикасида қишлоқ хўжалиги йўналишидаги ердан фойдаланувчиларнинг ер майдонларини давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари олиб борилган эди. Бугунги кунда бу тизимга Қорақалпоғистон Республикасидаги умумий фойдаланишда бўлган автомобиль йўллари киритилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Автомобиль йўллари бош бошқармаси билан Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳамкорликда умумий фойдаланишдаги мавжуд 4 минг 254 километр автомобиль йўли хатлов қилиниб, давлат рўйхатидан ўтказилмоқда.

– Бугунги кунда 3900 километрга яқин умумий фойдаланишдаги ташқи автомобиль йўлига кадастр паспорти расмийлаштирилди ва давлат рўйхатидан ўтказилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Автомобиль йўллари бош бошқармаси бўлим бошлиғи Мансур Султанов. – Уларни шаҳар ва туман кесимида таққослаганда, бугунги кунда Бўзатов, Қонликўл, Кегайли, Қўнғирот, Мўйноқ, Тахиатош, Тўрткўл, Хўжайли, Чимбой, Тахтакўпир, ва Шўманай туманларидаги умумий фойдаланишда бўлган автомобиль йўлларига кадастр паспортини тайёрлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари якунланди. Нукус шаҳрида 68,8, Амударё туманида 307,91, Беруний туманида 370,9, Қораўзак туманида 123,1, Нукус туманида 150,14 ва Элликқалъа туманида 236,2 километр автомобиль йўлларига кадастр паспортини тайёрлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу ишларни ҳам яқин кунларда якунлаш режалаштирилган.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА