Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон филиали кўргазмалар саройида Оролбўйи қишлоқ ҳунарманд аёллари томонидан тайёрланган кигиз маҳсулотлари намойиши бўйича оммавий кўргазма ташкил этилди.

АҚШнинг халқаро ривожланиш агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда ташкил этилган кўргазманинг очилишида таъкидланганидек, бугунги кунда Нукус, Шўманой, Бўзатов ҳамда Мўйноқ туманларида жунни қайта ишлаш орқали кигиздан турли маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.

Жорий йил сентябрь ва ноябрь ойлари мобайнида қорақалпоғистонлик 7 нафар ҳунарманд замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда декоратив кигиз ишлаб чиқаришни ўргатувчи таълим дастурида иштирок этди. Дастур доирасида Қирғизистоннинг Бишкек шаҳридаги кигиз маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган Tumar Group корхонасида бўлиб, тажриба орттирди. Ташриф давомида ҳунарманд аёллар юқори сифатли кигиздан турли хил маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг замонавий усулларини ўзлаштирди.

Кўргазмада қорақалпоғистонлик ҳунарманд аёллар томонидан уч ойлик ўқув ва сафар давомида эгаллаган янги усул ҳамда кўникмалар асосида тайёрланган янги маҳсулотлар – кигиз гиламлари, пойабзал ва гиламлар коллекциясини намойиш этди.

Миллий ҳунаримизнинг ажойиб намуналаридан бири бўлган кигиз маҳсулотларини ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, бу борада қирғизистонлик мутахассислар билан ўзаро тажриба алмашишни мустаҳкамлаш, қорақалпоқ халқининг ўзига хос миллий қадриятларидан бири ўтов – қора уй тайёрлашда ҳам ҳамкорлик қилиш бўйича фойдали таклифлар бўлди.


Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА