15 декабрь куни “Тараққиёт стратегияси” маркази, Туркиянинг “Marmara Group” стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамкорлигида “Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотидаги раислиги ва Ўзбекистон – Туркия муносабатларининг истиқболлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Туркиянинг “Marmara Group” стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси ҳамда икки мамлакат етакчи “ақл марказлари” экспертлари иштирок этишди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон – Туркия ўртасидаги Стратегик ҳамкорлик, Туркий давлатлар кенгашининг Самарқанд саммити якунида эришилган асосий ютуқ ва натижалар, шунингдек, сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий, ижтимоий-маданий соҳаларда ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Жумладан,  “Marmara Group” стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси директори Аккан Сувер ўз нутқида самарали ҳамкорлик ривожига асосий туртки бераётган муҳим омил сифатида икки давлат раҳбарлари ўртасидаги дўстона алоқалар, мунтазамлик касб этаётган олий даражадаги учрашувлар, самимий мулоқотларнинг ўрни катта эканлигини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилотига раислик Ўзбекистонга ўтганлиги, ўтган қисқа вақт давомида Ўзбекистон ташкилот фаолиятини янада жонлантиришга қаратилган бир қатор ташаббусларни илгари сураётганлиги эътироф этилди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, Туркий давлатлар ташкилотига аъзолик даврида Ўзбекистон раҳбари томонидан кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 35 дан ортиқ аниқ ташаббуслар илгари сурилиб, айни вақтга қадар уларнинг 20 дан ортиғи самарали татбиқ этилди.

Биргина 2022 йилнинг 11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарларининг “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” мавзусидаги йиғилиши доирасида ҳам давлатимиз раҳбари томонидан геосиёсий зиддиятлар, глобал иқтисодий инқироз ва иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари ортиб бораётган шароитда энг долзарб муаммолар ечими бўйича давлатлараро умумий ёндашувларни белгилаб олиш, саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириш, ташкилот фаолиятининг чуқур таҳлили асосида туркий мамлакатларнинг улкан салоҳияти ва имкониятларини ишга солиш ҳамда аъзо мамлакатлар ёш авлодини ҳар томонлама рағбатлантириш, уларнинг истеъдод ва қобилиятларини рўёбга чиқаришга қаратилган бир қатор ташаббусларни илгари сурган эди.

Шунингдек, маърузачилар табиий ресурслар ва инсон капитали, чуқур давлатчилик тажрибаси ва маданий меросга эга Ўзбекистон сўнгги йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг юқори суръатларини намойиш қилаётганини, Ўзбекистон минтақадаги барқарорлик ва фаровонлик борасида йўл кўрсатувчи эканини ҳамда Туркия порлоқ келажак сари қатъий қадамларида Ўзбекистон билан бирдамликда бўлишда давом этишини алоҳида эътироф этдилар.

Жумладан, барча соҳаларда, хусусан, сиёсат, иқтисодиёт, савдо-сотиқ, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, саноат, хавфсизлик, маданият, ёшлар, таълим, матбуот ва инсоний муносабатлар каби соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг чуқурлашиб бораётгани нафақат Ўзбекистон ва Туркия халқларининг, балки қўшни давлатларнинг ҳам фаровонлиги, тинчлиги ва барқарорлигига катта ҳисса қўшишига шубҳа йўқ.

Дўстона ва самарали мулоқотга асосланган давра суҳбати якунида томонлар ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, бу жараёнда икки мамлакат етакчи “ақл марказлари” ҳамда халқаро институтлар доирасида ҳам фаол иш олиб боришга келишиб олдилар.

ЎзА