Етти кун давом этган Ўзбекистон чемпионати поёнига етди. Бир-биридан қизиқарли, ўта шиддатли кечган баҳслар якунида мамлакатнинг янги чемпионлари аниқланди. Шаффофлик ва рағбат, муроса-ю муросасизлик, эътибор-у эътирофларни чулғаб олган мусобақанинг безаги сўзсиз боксчиларнинг чиқишлари бўлди. Аслида ҳам шундайми?

Бокс бўйича Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионлари, қатор халқаро турнирларнинг ғолиблари, ўнлаб истеъдодли ёшлар иштирокида ўтган чемпионат кутилган ва кутилмаган натижаларга бойлиги билан ажралиб турди.

«Мазкур чемпионатни ўтказиш учун катта тайёргарлик кўрдик. Ғолиб ва совриндорларга белгиланган медаллар, энг кучли боксчига тақдим этиладиган Руфат Рисқиев кубоги, диплом ва сертификатлар халқаро талаблар асосида тайёрланди. Кубок ва медаллар Токио олимпиадаси рамзларини ишлаб чиқарган хорижий компанияга буюртма берилди. Мусобақаларни бошқариб бориш учун жаҳон чемпионатлари ва Олимпия ўйинларини бошқариб келаётган 10 нафар хорижлик бокс реферилари, шунингдек, кўплаб давлатларнинг етакчи мутахассислари жалб қилинди. Саралашдан финалгача бўлган ҳар бир жангни шаффоф ўтиши таъминланди. Энг муҳими, ушбу чемпионат орқали 2023 йили Ўзбекистонда бокс бўйича ўтадиган Жаҳон чемпионатига тайёргарлигимизни кўрикдан ўтказиб олдик», дейди Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Шаҳид Тиллабоев.

Дарҳақиқат, ҳар бир вазндаги мусобақалар шаффоф ўтишига эришилди. Бу натижаларда ҳам акс этди. Масалан, 51 килограмм вазнда Ҳасанбой Дўсматовнинг укаси Фарёзбек Дўсматов Тошкент вилояти вакили Муҳаммадқодир Маъмуржоновга қарши жанг қилиб, ҳакамлар қарори билан ғалабага эришганди. Аммо, улар ўртасидаги жанг ҳолати текширув комиссияси қарори билан қайта кўриб чиқилиб, Фарёзбек рингда рақибига бокс низомига зид бўлган ҳаракат содир этганлиги учун чемпионатдан четлаштирилди. Бу эса чемпионликни укасига тақдим этмоқчи бўлган Ҳасанбойни ихтиёрий мажбурий тарзда ғолиблик шоҳсупасига олиб чиқди.

Ўзбек боксининг бугунги етакчилари, дунё рингида ўз сўзига эга бўлиб бораётган Баҳодир Жалолов, Муроджон Аҳмадалиев, Исроил Мадраимов, Фазлиддин Ғойибназаровлар финал жангида қўллаб-қувватлаб, ишқибозлик қилганларнинг барчаси ҳам ғолиб, деб эътироф қилинмади. Ҳакамлик ташқи босимлардан холи фаолият кўрсатганлиги натижасида Ўзбекистоннинг янги бокс чемпионлари адолатли танланди, дейиш мумкин.

Шу тарзда ўз вазнларида Нодирбек Мирзааҳмедов, Шаҳзод Музаффаров, Миразиз Мирзахалилов, Дилшод Абдумуродов, Аълохон Абдуллаев, Мужибилло Турсунов, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Нурислом Исмоилов, Одилжон Асланов, Санжар Турсунов, Шохжаҳон Абдуллаев, Санжар Турсунов ва Лазизбек Муллажонов бокс бўйича Ўзбекистоннинг 2022 йилги чемпионлигига сазовор бўлди.

Шунингдек, чемпионат жараёнида бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличевга профессор унвони тақдим этилди. Уни Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Маҳмуджон Болтабоев топширди.

Ташкилий қўмита қарори билан мусобақада чиройли жанг ўтказган андижонлик Мужибилло Турсуновга чемпионатнинг энг яхши боксчисига тақдим этиладиган «Руфат Рисқиев кубоги» соҳиби бўлган бўлса, аёллар ўртасида Феруза Казакова чемпионатнинг энг яхши боксчи қизи сифатида эътироф этилди. Уларга мукофотларни Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов тақдим этди.

Умумий медаллар жамғаришда 1-ўринни Фарғона вилояти терма жамоасига эгаллаганлиги эълон қилинди.

Чемпионатнинг ғолиб ва совриндорлари учун яна бир ўзига хос жиҳати – уларнинг барчаси диплом, медаллар билан биргаликда белгиланган миқдордаги пул мукофотларига ҳам мушарраф бўлди, бу – истеъдодли ёшларимизга руҳий далда бўлганлиги шубҳасиз.

Ўзбекистон чемпионатида фахрли 1-ўринни эгаллаган боксчи 10 миллион, 2-ўрин соҳиби 5 миллион ҳамда 3-ўриндан жой олган чарм қўлқоп усталари 2,5 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотлари билан тақдирланди.


Тўлқин Рўзиев, ЎзА