Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бир қатор қонун лойиҳалари ва бошқа масалалар депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Мажлисда дастлаб “Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

– Амалдаги қонунчилигимизда хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимига нисбатан турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказганлик, тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун тўғридан-тўғри жавобгарлик белгиланмаган, – деди депутат Зумрад Бекатова. – Бу каби омиллар эса турли муаммоларни келтириб чиқармоқда. Ушбу ҳужжатда тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш билан боғлиқ ҳолатларда жавобгарлик, мазкур ишнинг тааллуқлилиги ва уни кўриб чиқиш муддатлари ўз аксини топмоқда.

Хусусан, тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш учун маъмурий жавобгарлик фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш белгиланмоқда.  Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида бир қатор таҳририй ва бошқа тузатишлар киритилди, айрим моддалар тўлдирилди. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларнинг олдини олиш, фуқароларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишига хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси юзасидан депутатлар ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирдилар. Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди.

Наркологик касалликлар профилактикаси бўйича  қандай нормалар белгиланмоқда?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат — “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси бўлди.

Юртимизда наркологик касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш, бундай касалликка чалинган шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилишни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳозирги кунда наркологик касалликка чалинган шахсларни амбулатория ва стационар шароитларида нафақат текшириш, маслаҳат бериш, ташхис қўйиш ва даволаш, балки уларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш билан боғлиқ наркологик ёрдам тури ҳам кўрсатиб келинмоқда.

Шунга кўра, наркологик касалликка чалинган шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилишни наркологик ёрдам тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ давлат томонидан кафолатланган наркологик ёрдам тури сифатида белгилаш зарурати юзага келмоқда. Шу мақсадда “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Наркологик ёрдам тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ, наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материаллар наркология муассасаларининг, наркологик касалликка чалинган шахс оила аъзоларининг ёки қариндошларининг илтимосномалари асосида ички ишлар органлари томонидан тайёрланади ва расмийлаштирилади.

Фуқаролар хавфсизлиги ва соғлиғига таҳдид солаётган ёхуд жамоат тартибини, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузиш, психоактив моддалар таъсиридан мастлик ҳолатида маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш ҳолатларининг барвақт олдини олишда ички ишлар органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида қонун лойиҳаси билан наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материалларни ички ишлар органларининг ташаббуси билан ҳам расмийлаштириш белгиланмоқда.

Мажлисда қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши наркологик касалликка чалинган шахсни ички ишлар органлари ходимларининг ҳам ташаббусига кўра, мажбурий даволашга йўналтириш, тиббиёт муассасасига жойлаштиришгача тўпланадиган материалларни тарқоқ ҳолда эмас, балки марказлашган ҳолда тиббиёт муассасаларидан олиши, шунингдек, суд мажлислари видеоконференцалоқа режимида ҳам кўриб чиқилиши орқали шахсни даволанишга юборишгача бўлган вақтни қисқартиришга хизмат қилади.

Аппеляция бериш муддати 20 кундан 10 кунга қисқартирилади

Мажлисда “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Ушбу қонун лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суд раиси ўринбосари Шуҳрат Полвонов маъруза қилди:

– Суд қарорларининг қонунийлигини асосли, адолатли эканлигини текширишда “Бир суд – бир инстанция” тамойили асосида кассация инстанциясида ишларни кўриш Олий суд ваколатига ўтиши ўрта бўғин – вилоят судлари имкониятларидан самарали фойдаланишни чекламоқда. 2020 йилда 1 минг 291 та, 2021 йилда 7 минг 560 та, 2022 йилнинг 10 ойида 5 минг 540 та ишлар Олий судда кўрилган. Натижада Олий судда иш ҳажми кескин ошиб кетган, шу билан бирга, фуқаролар олис ҳудудлардан ортиқча вақт ва харажат сарфлаб Олий судга келишга мажбур бўлмоқда. Қолаверса, Олий судда иш ҳажмининг ортиб кетиши натижасида айрим ҳолларда ишларни кўриш муддатлари бузилишига ҳамда судьяларнинг иш сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу эса одамларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаяпти. Таҳлилларга кўра, 2021 йилда Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьясининг бир ойлик ўртача иш ҳажми 89 тани ташкил қилган. Бунинг оқибатида шикоятдаги важлар ҳар тарафлама текширилмай, иш бўйича якуний қарор қабул қилинмасдан, суд қарори бекор қилиниб, қуйи судларга юбориш ҳолатлари кўпайган. Шу билан бирга, апелляция тартибида кўрилмаган ишларнинг келгусида кассация инстанциясида кўриб бўлмаслиги ҳақидаги қонун талаблари фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Бу каби омиллар эса соҳани ислоҳ қилиш заруратини келтириб чиқармоқда.

Қонун лойиҳасида суд қарорлари бўйича аппеляция бериш муддатини 20 кундан 10 кунга қисқартириш назарда тутилмоқда. Умуман, лойиҳада белгиланаётган нормалар судларнинг масъулиятини ошириб, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар имкониятидан кенгроқ фойдаланишга, ортиқча сарсонгарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади, – деди Ш.Полвонов.

Мажлисда қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилиниб, уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Нодавлат МТТга 50 нафаргача болани қамраб олиш мумкин

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири Агриппина Шин “Мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи кенгайтирилиши ҳамда соҳада нодавлат сектор улушининг оширилиши муносабати билан “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси бўйича маъруза қилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш, мактабгача таълим ва тарбия хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш, соҳада нодавлат сектор улушини ошириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида кўпи билан 25 нафар мактабгача бўлган ёшдаги болаларнинг таълим ва тарбия олишига йўл қўйилиши белгиланган. Бу эса болаларни мактабгача таълим ва тарбия билан қамраб олинишини кўпайтиришга тўсқинлик қиляпти. Ушбу ҳужжат билан “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонунга оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига таълим ва тарбия бериш учун қабул қилинадиган болалар сонини эллик нафаргача кўпайтиришга қаратилган ўзгартиришлар киритилмоқда.

Муҳокамалар давомида депутатлар мактабгача таълим ташкилотлари борасидаги амалий ишлар хусусида фикр-мулоҳазаларини билдириб, қонун лойиҳаси юзасидан ҳам таклифлар бердилар.

Депутатлар қонун лойиҳасининг қабул қилиниши оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти янада кенгайтирилишига ҳамда болаларни мактабгача таълим ва тарбия билан қамраб олиш даражасини оширишга хизмат қилишини таъкидлаб, уни маъқулладилар.

1 гектар ер унумдорлигини 5 баллга ошириш ҳисобига тонналаб қўшимча ҳосил олиш мумкин

Қонунчилик палатасининг мажлисида “Тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳаси бўйича қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов маъруза қилди.

– Бугунги кунда мамлакатимизда тупроқ унумдорлигини ошириш, уни муҳофаза қилиш қонун билан тартибга солинмагани натижасида кўплаб салбий ҳолатлар юзага келмоқда. Жумладан, республикада ўртача тупроқ унумдорлиги 1991 йилда 58 балл, 2001 йилда 55 балл, 2011 йилда 53,9 балл, 2021 йилда 53,7 баллни ташкил этяпти. Бу ҳолатлар мамлакатимизда тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилишни алоҳида қонун билан тартибга солиш зарурлигини кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг айрим моддаларига ер унумдорлигини ошириш борасида нормлар белгиланган. Аммо соҳадаги бугунги кун талабларига ечим бўладиган кўп масалалар очиқ қолган.

Таҳлилларга кўра, сўнгги 30 йилда суғориладиган тупроқ таркибида гумус миқдори 10-15 фоизга камайган. Бугунги кунда 450 минг гектар суғориладиган майдонлар мавжуд. 1 гектар суғориладиган ернинг унумдорлиги 5 баллга оширилса, пахта ва буғдойдан 300 минг тоннагача, картошка ва сабзавотлардан 250 минг тоннагача қўшимча ҳосил олиш мумкин. 1 гектар суғориладиган ерларни ўзлаштириш ўртача 35 миллион сўм, лалми ва яйлов ерларни ўзлаштириш эса 12 миллион сўмни ташкил этишини ҳисобга олсак, тупроқ унумдорлигини ошириш муҳим эканлиги англашилади.

Қонун лойиҳасида тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш, тупроқларнинг ҳолатини яхшилаш, унумдорлигини сақлаш, масъул вазирлик ва идораларнинг ваколатлари, ерларни рекультивация қилиш, тупроқ ҳолати ва сифатига таъсир қилувчи лойиҳалар, воситалар ва технологияларни давлат экспертизасидан ўтказиш масалалари ўз аксини топмоқда. Бундан ташқари, лойиҳада жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек, мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги оқибатида тупроқ сифати ёки унумдорлигининг пасайиши натижасида етказилган зарарни қоплаш масалалари белгиланмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тупроқлар унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш, тоза тупроқда сифатли ва хавфсиз маҳсулот етиштириш ҳамда  яйлов ўсимликлари биохилма-хиллигини оширишга хизмат қилади, – деди вазир.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди, қатор таклифлар билдирилди. Шундан сўнг ҳужжат лойиҳаси қабул қилинди.

Жамғарма томонидан судларга мурожаат қилишда 2 миллиарддан ортиқ давлат божи тўланган

Мажлисда “Давлат божини ундириш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

– Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси давлат муассасаси шаклидаги давлат мақсадли жамғармаси ҳисобланади, – деди Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Шахрух Шарахметов. –Жамғарма маблағлари асосан Давлат бюджетининг ҳар йилги тасдиқланадиган ажратмалар доирасидаги маблағларидан шакллантирилади. Ўтган даврда Жамғарма томонидан судларга мурожаат қилишда 2 миллиард 248 миллион 824 минг 670 сўм давлат божи тўланган. Бугунги кунга қадар умумий тўланган давлат божларининг 1 миллиард 253 миллион 564 минг 847 сўм қисмини Жамғармага қайтарилишида қийинчиликлар вужудга келган. Ушбу қонун лойиҳаси билан “Давлат божи тўғрисида”ги қонуннинг 8, 9, 10-моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида келгусида Жамғарма маблағларининг ортиқча харажатларга сарфланишининг олди олинади. Энг муҳими, бюджет тизимлари маблағларидан оқилона фойдаланилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди. Ҳужжатдаги айрим нормаларни янада такомиллаштириш бўйича кўплаб таклифлар берилди.

Шунингдек, мажлисда чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш, саралаш ва қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланадиган солиқ тўловчиларга айрим солиқ имтиёзларини беришни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, маъқулланди.


Муҳтарама Комилова, ЎзА