Жорий йилнинг 29 ноябрь куни Киночилар уйида “Дада дегин” фильмининг ёпиқ премьераси бўлиб ўтди.

Ушбу фильм Кинематография агентлиги, Ўзбекистон миллий кинематографияни ривожлантириш маркази ва “Киномания” киностудияси ҳамкорлигида суратга олинди.

Муҳаммадисо Абдулхайиров режиссёрлигида драма жанрида яратилган мазкур картинада узоқ йиллардан буён фарзандсизликдан қийналаётган оилада кечган воқеликлар тўғрисида ҳикоя қилинади.

Картинада бош қаҳрамон Ботир ака ўзи бефарзанд, аммо бешик ясовчи уста образида гавдаланади. Унинг ҳаётдан ягона илинжи фарзандли бўлиш ёхуд бола тилидан чиққан “дада” каломини эшитиш эди. Фарзандсизлик туфайли атрофидагиларнинг унга нисбатан ёмон муносабати фильмда яққол кўзга ташланади.

Ботир аканинг рафиқаси Гавҳар болалар уйида тарбиячи бўлиб ишлайди. У ишлайдиган болалар уйида Сардор исмли тарбияланувчига эр-хотиннинг меҳри тушиб қолади ва улар болани асраб олишга қарор қилади. Фильмдаги асосий конфликт бола асраб олиш қароридан сўнг бошланади. Бундан ташқари, бешик ясаш сирлари, бешик учун фойдаланиладиган турли анжомлар ва бошқа қизиқарли кадрлар фильмдан жой олган.

Реклама ҳуқуқи асосида

Кинематография агентлиги ахборот хизмати

ЎзА