Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 17 ноябрда “Қурилиш лойиҳаларини амалга оширишда назорат механизмларини такомиллаштириш, жараённинг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга мувофиқ, 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ва Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган дастурларга киритилган лойиҳалар, шунингдек, ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари асосида молиялаштириладиган қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳалар доирасида қатор ишлар амалга оширилади.

– 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб Давлат дастурларига киритилган қурилиш лойиҳалари, ташаббусли бюджетлаштириш асосида молиялаштириладиган қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳалар янада оптималлаштирилади, – дейди Қурилиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов. – Объектларнинг бош лойиҳа қидирув ва бош қурилиш-пудрат ташкилотлари Қурилиш вазирлигининг “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида инсон омилисиз ўтказиладиган тендер савдолари орқали аниқланади. Тасдиқланган манзилли рўйхатларга киритилган ҳар бир объектга идентификация рақами берилади ва “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимига киритилади ҳамда улар бўйича ҳар қандай ўзгартириш ёки қўшимчалар мазкур ахборот тизимида акс эттириб борилади.

Хавф-хатар тоифасидан қатъи назар барча объектлар қурилиш-таъмирлаш ишларини бошлаш учун ваколатли органдан электрон рўйхатдан ўтказилади ва назоратга олинади. “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида бош пудрат ташкилоти томонидан ишларнинг бажарилганлигини тасдиқловчи далолатнома унинг мазкур тизимдаги шахсий кабинетида электрон тарзда шакллантириб борилади ва буюртмачи ташкилот билан электрон тарзда келишилади.

Бунда буюртмачи томонидан ҳисоб варақ-фактуралар Давлат молиясини бошқариш ахборот тизимига молиялаштириш учун электрон шаклда юборилади. “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидаги лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларининг рейтингида мавжуд бўлган корхоналар, уларнинг рейтингини ҳисоблаш мезонлари кесимидаги баллари, дастурлар ҳамда лойиҳалардаги ҳар бир объектнинг шаҳарсозлик ҳужжатлари, объектда бажарилган иш ҳажмлари ва молиялаштирилган маблағлар ҳақидаги маълумотлар тизимда реал вақт режимида жамоатчилик учун очиқ эълон қилинади.

Эндиликда, қурилиш устидан давлат ва жамоатчилик назорати механизмларини такомиллаштириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида ўтказилган тендер  савдолари якуни, шунингдек, буюртмачи билан лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари ўртасидаги лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва пудрат ишларини бажариш тўғрисидаги шартномалар мазкур тизимда электрон рақамли имзо орқали тузилади.

Шунингдек, рўйхатдан ўтказиш ёки ҳисобга олиш учун Молия вазирлигининг Давлат молиясини бошқариш ахборот тизимига электрон шаклда юборилади. Ҳоким ёрдамчиси, маҳалла фаоллари ва ёшлар етакчилари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа жамоат ташкилотлари томонидан ҳудудларда амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати устидан жамоатчилик назорати ўрнатилади.

2023 йил 1 мартга қадар қурилиш объектларида жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳамда камчиликлар ва қонун бузилиши ҳолатларини акс эттирувчи фото ва видео материалларни юклаш имконини берувчи “Шаффоф қурилиш” ахборот тизимининг мобил иловаси яратилади.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА мухбири