БИЗНИНГ ШАРҲ
Қаршиликлар мавсумни анча яхши бошлай олишди. ОЧЛ саралашидаги чиройли ғалаба, гуруҳ босқичининг учта ўйинидан иккитасидаги муваффақият, суперлигамизда тўрт очко билан ҳозирча иккинчи ўрин… ҳар ҳолда клубнинг ишлари ёмон эмас. Шу нуқтаи назардан “Аждарлар”нинг Доҳага яхши кайфиятда йўл олганлари қувонарли, албатта. Аммо баъзи бир омиллар борки, вакилларимиз хоҳлайдиларми, йўқми улар билан ҳисоблашишга мажбурлар.
Сафардаги юқори босим. Мазкур ноқулайлик илк бор Теҳрондаги баҳсда бўй кўрсатди. Яъни жамоанинг ўзагини ташкил этувчи ёш футболчилар мисоли қайнаб турган қозонни эслатувчи “Озоди”нинг ҳаяжонини енга олмай, айрим вазиятларда ўзларини йўқотиб қўйишди. Бу ҳол тез-тез сирпаниб кетишларда, ҳужумларнинг якунидаги шошқалоқликларда, ва ҳимоядаги хатоларда кўзга ташланди. Ўша куни шарҳловчи Фаррух Расулов: “Футболчиларимизга мухлисларнинг қўллаб қувватлаши етишмаяпти”, деган эди. Ҳақиқатан, бу гапда жон борлиги кейинги икки уй учрашувида ўз тасдиғини топди. Жамоа номдор ва анча тажрибали таркибга эга бўлган “Ал-Васл” ва “Ас-Саад”га қарши ҳеч нарсадан чўчимай ҳаракат қилди. Ҳатто амирлик клуби бутун ўйин давомида “Насаф” дарвозаси ёнида айтарли голга тортадиган вазият ярата олмади. Тўқсон дақиқа давомида мезбонларнинг устунлиги яққол сезилиб турди. Шу томонлама олиб қараганда, улар “Марказий стадион”да имкониятларини тўлиқроқ намойиш эта олаётгандек, назаримизда. Қатарда ўтадиган баҳсда мана шу жиҳатни инобатга олиб, мураббийлар штаби футболчиларнинг руҳий тайёргарлигига яна ҳам кўпроқ эътибор қаратишларига тўғри келади.
Захиранинг “камтарлиги” ва Сайдулла Раҳматовнинг дисквалификацияси. “Персиполис” билан баҳсни яна бир бор эслайдиган бўлсак, Рўзиқул Бердиев ўшанда бутун чап қанотни нисбатан анча ёш ва тажрибасизроқ бўлган Шароф Муҳитдиновга ишониб топширган, у ҳам ҳужумдагиларга яқиндан ёрдам бериши ҳам ҳимояга қайтишга улгуриши керак эди. Аммо Муҳитдинов иккала вазифани ҳам кўнгилдагидек бажара олмаганди. Эронликлар киритган уч голдан иккитаси “Аждарлар”нинг айнан шу қанотидан уюштирилган ҳужумлари оқибатида юзага келганди. Мезбонлар рақибларининг “нозик нуқтаси”ни топа олишганди ўша куни.
Мураббий “Ал-Васл” билан учрашувда чап қанот ҳимоясига Раҳматовни танлаган ва якунда бу қарор ўзини тўла оқлаганди. Сабаби мазкур қарама-қаршиликда ҳимоянинг сўл тарафи анча барқарорлашгани сезилганди. “Ас-Саад” ҳам вакилларимиз мудофаа чизиғининг мана шу нуқтасига катта куч билан ҳужум қилса ажаб эмас. Чунки заҳирада 31-рақам эгасининг ўрнини боса оладиган футболчи йўқ. Худди биринчи турдаги каби мураббий бу позицияга Муҳитдиновни қўйишга ёки бошқа чизиқдаги шогирдига мурожаат қилишга мажбур.
Хавининг сафга қайтганлиги. 38 ёшда бўлишига қарамасдан жамоасининг ҳужумларида асосий боғловчи ролини бажарувчи испаниялик 13-март куни катта эҳтимол билан асосий таркибга киритилади. Шу сабабли унинг майдон бўйлаб эркин ҳаракатланишига йўл бермаслик жуда ҳам муҳим. Хавининг “Ас-Саад”даги ўрни қанчалик даражада эканини ОЧЛнинг дастлабки икки турида гувоҳи бўлдик. Мазкур учрашувларда ярим ҳимоячи иккита голли пас бериб, жамоасининг ғалабасига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшганди. Қаршидаги беллашувда меҳмонларга тажрибали плеймекернинг заргарона тўп узатишлари етишмади. Зеро Боунеджаҳ каби ажойиб ҳужумчилар унинг меҳнатларини қадрига етишни қойиллатишади. Қатар юлдузлар лигасида футболчи бешта голни ўз номига ёздириб қўйган. Бу ёшда ёмон натижа эмас, тўғрими?
Имкониятлардан фойдалана олиш даражаси ва тажрибанинг камлиги. «Ас-Саад” билан кечган баҳсдан сўнг шогирдларининг ҳужумни якунлаш борасидаги камчиликларига тўхталиб, Бердиев: “…Ҳужум чизиғимизда кўпроқ ёш футболчилар ўйнамоқда. Уларга бу каби юқори савиядаги ўйинларда тажриба етишмаяпти. Бобир Абдухолиқовни олайлик, гарчи унда ОЧЛда ўйнаш тажрибаси бўлса-да, ҳали унга бироз совуққонлик етишмаяпти. Вазиятларга чиқиб бормоқда, яратмоқда, аммо якуний нуқтани қўйишда унга совуққонлик етишмаётгани панд бермоқда”, деган эди.
Биргина Абдухолиқов эмас, ярим ҳимоячилар Ислом Рашидхонов ва Ислом Кенжабоевларга ҳам баъзи вазиятларда якуний узатмаларни беришда тажриба камлик қилмоқда. Жарима майдрнчасигача бўлган ҳудудда ҳаммаси жойидадек, аммо у ёғига ҳал қилувчи узатмани амалга ошириш ўрнига дарвоза томон ноаниқ зарбалар йўллаш, тўпни хато узатиш, алдашга ҳаракат қилиб, олдириб қўйиш ҳоллари икки Исломда кўпроқ кузатилмоқда. Тўғри, улар жуда иқтидорли, меҳнаткаш, тиришқоқ. Ёш бўлишса-да, майдонда борларини бериб, иштиёқ билан тўп тепишмоқда, аммо вазиятга қараб тезкор ва тўғри қарор қабул қила билиш ярим ҳимячиларнинг энг устун жиҳати. Бу нарса, айниқса, қарши ҳужумларда яққол намоён бўлади. Тажрибали Драган Чераннинг сафга қайтиши билан бу муаммо ҳал этилади деган умиддамиз. Сабаби сербиялик легионер, ҳужумчи бўлишига қарамасдан тўпни хотиржам назорат қила олиш, ақилли ва кутилмаган қарорлар қабул қилиш хусусиятига эга.
Ўйлаймизки, шунча муаммоларга оқилона ечим топиб келаётган Рўзиқул Бердиев бу учрашувда ҳам мухлисларни хурсанд қилади. У юқоридаги масалаларни инобатга олиб, тўғри тактика танлай билади. Зеро мутахассис яхлит бир жамоани шакллантира оляпти. “Аждарлар”нинг сўнгги мувоффақиятлари бевосита шу инсон номи билан боғлиқ. Йигитлар бугун майдонда борларини бериб тўп суришларига ишонамиз.
Эслатиб ўтамиз, ОЧЛ-2018 4-тур доирасидаги “Ал Садд” – “Насаф” учрашуви бугун, 13 март сешанба куни, Доҳа шаҳридаги “Жассим Бин Ҳамад” стадионида Тошкент вақти билан соат 20:15 да бошланади.
Ойбек ҲАЙДАРОВ, Ўз МУ учинчи босқич талабаси