Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил тўққиз ойи якунлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар.

Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси молия вазири Тимур Ишметов ахборот берди:

— Жаҳон миқёсида бўй кўрсатаётган турли молиявий хавф-хатарлар шароитида Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсиш суръатларида давом этмоқда. 2022 йилнинг тўққиз ойи якунларига кўра, Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 5,8 фоизга ўсди, инфляция йил бошидан 8,1 фоизни ташкил этди. Давлат бюджети даромадлари Давлат мақсадли жамғармаларисиз 147,1 триллион сўмни ташкил этиб, белгиланган прогноз 105,3 фоизга ёки 7,4 триллион сўмга ошириб бажарилди. Даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31,1 триллион сўмга ошди.

Иқтисодий ўсишнинг асосий драйверлари бўлган хизматлар ва саноат соҳаси 7,9 ва 5,5 фоизга ўсди. Қурилиш соҳаси 6,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги эса 3,6 фоизга ўсди. Ҳисобот даврида озиқ-овқат, тўқимачилик, металлургия ва автотранспорт маҳсулотларини ишлаб чиқариш ишлаб чиқарадиган саноатнинг 61,9 фоизини ташкил қилди. Хусусан, 2022 йил январ-сентябрь ойларида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 3,9 фоизга кўпайиб, 41,9 триллион сўмни, тўқимачилик маҳсулотлари 7,7 фоизга ошиб, 43 триллион сўмни, металлургия саноати 3,9 фоизга кўпайиб, 80,9 триллион сўмни ташкил этди. Ҳисобот даврида қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 248,7 триллион сўмни, қўшилган қиймат миқдори 143,5 триллион сўмни ташкил этиб, соҳада ишлаб чиқаришнинг 241,8 триллион сўми деҳқончилик ва чорвачиликка тўғри келган.

Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш ҳажми Давлат бюджети умумий харажатларининг 51 фоизини, яъни 83,3 триллион сўмни ташкил этган. Бюджет ташкилотларининг 55,2 триллион сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ҳамда 10,3 триллион сўмлик иш ҳақига нисбатан ажратмалари ўз муддатларида тўлиқ молиялаштирилиб берилган, — деди молия вазири ўз нутқида.

Мажлисда қайд этилганидек, Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан 2022 йилнинг 9 ойи давомида ўтказилган назорат тадбирлари натижасида жами 704,9 миллиард сўмлик бюджет маблағлари ноқонуний ва мақсадсиз сарфланган. Бундан кўриниб турибдики, ҳар бир вазирлик ва идораларда ташкил этилган Ички-аудит бошқармаси томонидан хавфларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, уларнинг натижаларини таҳлил қилиш ва доимий назорат қилиш ишлари тўғри ташкил этилмаган. Бунинг натижасида бюджет маблағларини ўзлаштириш ёки ноқонуний сарфлаш ҳолатлари камаймасдан йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Халқ вакиллари томонидан вазирлик ва идораларнинг Ички-аудит бошқармасини қайта кўриб чиқиш, ходимларини ўқитиш, уларнинг салоҳиятини ошириш ва назорат қилиш ишларини мувофиқлаштириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Бундан ташқари, ҳукумат ҳисоботини муҳокама қилиш давомида депутатлар айрим соҳаларда ўз вақтида ўзлаштирилмай қолаётган бюджет маблағлари, оқибатда назарда тутилган чора-тадбирлар кечикиб қолаётгани борасида асосли эътироз ва саволларни ўртага ташлади. Шунингдек, ҳудудларда олиб борилган ўрганишлар давомида сайловчилар томонидан кўтарилган тоза ичимлик суви, ички йўл, тиббиёт ва халқ таълими соҳаларига оид бир қатор масалалар юзасидан саволлар билан мутасаддиларга юзланди. Масалан, депутат Музаффара Абдиева тиббиёт соҳасига йўналтирилган маблағлар тўлиқ ўзлаштирилмагани оқибатида эндокринология, она ва болаларни зарур витаминлар билан таъминлаш каби соҳаларда белгиланган ишлар тўла амалга оширилмаганини таъкидлади.

Қизғин баҳс-мунозара ва фикр-мулоҳазалардан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил 9 ой якуни ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилди.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартишлар киритилмоқда

Мажлисда “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Ушбу ҳужжат 2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари харажатларининг мақсадли ва самарали сарфланиши, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида молиялаштирилишини таъминлашга хизмат қилади.

Муҳокамаларда билдирилган фикр-мулоҳазалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Қўриқлаш фаолиятига доир айрим нормалар мувофиқлаштирилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан “Қўриқлаш фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мазкур ҳужжат билан қўриқлаш фаолиятига доир айрим нормаларни “Қўриқлаш фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқлаштириш учун “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги қонунларга, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда.

Фикр-мулоҳаза ва муҳокамалардан сўнг мазкур қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди.

Тиббиёт ходимларига турли тажовузлар учун жазо белгиланмоқда

Статистик маълумотларга кўра, 2019-2022 йилларда республикада 285 дан ортиқ ҳолатда тиббиёт ходимларига нисбатан турли шаклдаги тажовузлар қилинган. Бу каби ҳолатларни бартараф қилиш мақсадида “Тиббиёт ходимининг фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди.

Қонунчилик палатасининг мажлисида мазкур қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, лойиҳага кўра, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонун янги модда билан тўлдирилиб, унда “тиббий фаолият”, “тиббиёт хизмат” ва “тиббий ёрдам” тушунчаларини очиб беришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс алоҳида 197-7-модда билан тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш билан боғлиқ ҳолатларда жавобгарликни, мазкур ишнинг тааллуқлилиги ва уни кўриб чиқиш муддатларини белгилаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиши белгилаб қўйилмоқда.

Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларнинг олдини олишга, шифокорлик касбининг мақоми ва нуфузини оширишга хизмат қилади.

Депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилдилар.

Болани чет давлатда назоратсиз қолдириш жаримага сабаб бўлади

Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Унга кўра, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддаси янги қисм билан тўлдирилиб, унда ота ёки она ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахс ёки ҳамроҳлик қилувчи шахс томонидан боланинг чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдирилиши қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодекси болани чет эл давлати ҳудудида назоратсиз қолдириш тўғрисидаги 47-6-модда билан тўлдирилмоқда. Мазкур қўшимчага кўра, ота ёки она ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахс ёки ҳамроҳлик қилувчи шахс томонидан болани чет эл давлати ҳудудида назоратсиз қолдириш базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси мувофиқ, Жиноят кодексига 122-1-модданинг киритилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 345 ва 381-2-моддаларида жиноят ишининг терговга тегишлилигига аниқлик киритилиб, суриштирув ва дастлабки тергов ишлари ички ишлар органлари томонидан амалга оширилиши белгиланяпти.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилиниб, қабул қилинди.

Бундан ташқари, ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги, “Ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси адлия органлари тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА