«Кўксарой» қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда.

Нуфузли анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Ўзбекистонда рақамлаштириш соҳасига инвестицияларни жалб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

–Биз “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қабул қилдик. Ушбу ҳужжатда барча муҳим соҳаларни рақамлаштириш назарда тутилган. Мамлакатимиз ҳудудларида Ай-Ти-паркларни ташкил этмоқдамиз. Бундай парклар резидентлари барча солиқлардан ва йиғимлардан озод қилинган,– деди Шавкат Мирзиёев. –Хорижий инвесторлар ва технологияларнинг фаол иштирокисиз ушбу соҳани ривожлантириш мумкин эмаслигини яхши тушунамиз. Шу сабабли Кенгаш аъзолари билан мазкур йўналишда қўшма лойиҳаларни амалга оширишда самарали ҳамкорликка умид қиламиз.

Ўзбекистон “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш жараёнида фаол қатнашмоқда.

–Қабул қилинган Стратегиямизга мувофиқ, 2026 йилга бориб муқобил манбалардан олинадиган энергиянинг умумий генерациядаги улушини
25 фоизга етказамиз. Шу билан бирга, илмий-техник салоҳиятни ривожлантириш ва қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратишни мўлжалламоқдамиз.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва Жаҳон банки билан бирга 2050 йилгача миллий иқтисодиётни декарбонизация қилиш стратегиясини ишлаб чиқишга киришдик,– деди давлатимиз раҳбари. – “Яшил” лойиҳаларга хорижий инвестицияларни жалб қилишни давом эттиришдан манфаатдормиз, ва уларда Кенгаш аъзоларининг иштирокини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

ЎзА