Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Владимир Норов Америка Қўшма Штатларининг Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Жонатан Девид Хенникни қабул қилди.

Учрашув вазирга ишонч ёрлиғи нусхасини топшириш маросими билан бошланди. Ўз навбатида, В.Норов элчини лавозимга тайинлангани билан табриклади ва касбий фаолиятида муваффақият тилади.

Суҳбат давомида илгари эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни, шунингдек, икки томонлама даражада ва «C5+1» шаклида бўлажак тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.

Савдо-инвестиция алоқасини ривожлантириш, жумладан, Ўзбекистон иқтисодиётига Америка капитали ва технологияларини жалб қилиш, тўқимачилик, фармацевтика, энергетика, АКТ жабҳаларида қўшма корхоналар ташкил этиш, молиявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконияти мавжудлиги қайд этилди. Томонлар, шунингдек, Афғонистондаги вазият бўйича ҳам фикр алмашдилар. Ушбу мамлакатга халқаро ёрдамни кенгайтириш зарурлигига қайд этилди.

С.Раҳимов, ЎзА