Самарқанд шаҳридаги «Буюк Ипак йўли» халқаро туризм маркази ҳудудида – Конгресс-холлда Туркий давлатлар ташкилоти саммити якунига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Владимир Норов ва ушбу анжуманда ташкилот Бош котиби сифатидаги ваколатини топширган Бағдод Амреев тадбир тўғрисида батафсил маълумот берди.

Самарқанд саммити барқарорлик, хавфсизлик ва узлуксиз тараққиётни таъминлаш йўлида кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг янги йўналишларини белгилаб  бергани таъкидланди.

–  Туркий тамаддуннинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” шиори остида ўтган саммит амалий ҳамкорлигимиз учун янги уфқ, истиқбол очди, – деди В.Норов.

Давлат раҳбарлари Транспорт боғлиқлиги дастури, Соддалаштирилган божхона йўлакларини шакллантириш тўғрисидаги битимлар, Савдо стратегияси бўйича муҳим келишув каби қатор муҳим ҳужжатларни имзоладилар.

Шунингдек, тузилманинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Стратегияси тасдиқлангани, Саммитнинг асосий ҳужжати – Самарқанд декларацияси қабул қилинганига алоҳида аҳамият қаратилди.

Бағдод Амреев ташкилот Бош котиби сифатида фаолият юритганидан бахтиёр экани, ушбу давр ҳаётининг энг сермазмун бўлагига айланганини таъкидлади, ТДТ манфаатларини доимо қўллаб-қувватлашини билдирди.

Анжуман сўнгида Туркия Республикасининг муваффақиятли раислиги якунлангани, ҳисобот давридаги фаолият давлат раҳбарлари томонидан юқори баҳолангани маълум қилинди. Раислик Ўзбекистонга ўтгани, келгуси йил асосий Саммит Қозоғистонда бўлиб ўтиши маъқулланди.

Б.Худойбердиев, ЎзА