Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар саммити бўлиб ўтмоқда.
Унда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари Туркия ва Ўзбекистон ўртасида яқинда жорий этилган автотранспорт электрон рухсатномалари алмашиш тизимига Ташкилот давлатларини ҳам қўшилишга чақирди.
–Бу йил Тошкентда ўтказилган Биринчи Туркий агрофорум озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ниҳоятда катта салоҳиятимиз борлигини яққол кўрсатди. Ташкилотимизнинг нафақат ўз мамлакатларимиз, балки ташқи бозорларни ҳам қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш имконияти бор. Шу билан бирга, бу йўналишда амалий қадамларимизни янада кучайтиришимиз ва аниқ лойиҳалар асосида ҳамкорлигимизни чуқурлаштиришимиз лозим,– деди Президент Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари бу борада қуйидаги муҳим йўналишларни таклиф этди:
–Биринчидан, глобал ва ички бозорларимиз эҳтиёжлари, давлат-ларимизнинг ишлаб чиқариш имкониятларидан келиб чиқиб, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш самарали тизимини яратиш бўйича Ташкилот доирасида кўп томонлама битим қабул қилиш вақти келди.
Иккинчидан, соҳага инновациялар, замонавий билим ва илғор технологияларни жадал олиб кириш мақсадида Туркий давлатлар ташкилоти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ўртасида кенг қамровли шерикликни ўрнатиш муҳим.
Учинчидан, ижобий тажриба асосида Туркий агрофорумни мунтазам ўтказиб бориш ва унинг иккинчи анжуманида “Смарт” қишлоқ хўжалиги халқаро кўргазмасини ташкил этиш зарур.
–Мен бугун Ўзбекистоннинг Туркий маданият халқаро ташкилотига тўлақонли аъзо бўлганини эълон қилишдан мамнунман. Ўзининг 30 йиллигини нишонлаётган ташкилот доирасида келгуси йили Туркий халқлар маданияти фестивалини ўтказиш таклифини тўлиқ маъқуллаймиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон Президенти Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни ҳар йили бериб боришни таклиф этди.
ЎзА