Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 2021 йил 14 октябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 2022 йил 17 мартда Сенат томонидан маъқулланган эди. Шу йил 28 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланди. Мазкур ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга кириши белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси бир қатор янги тартиб-қоидаларни ўзида жамлагани билан, бугунги кунга мослаштирилгани, қатор қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардаги нормаларга уйғунлаштирилгани билан алоҳида аҳамият касб этади. Меҳнат хавфсизлигини кучайтиришга қаратилган нормалар ўз аксини топган, мослаштирилган иш режими деган тушунчалар киритилди.

Кодексда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг асосий принциплари белгиланган. Меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш, меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик, меҳнат ҳуқуқлари таъминланиши ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишининг кафолатлангани, ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги каби принциплар шулар жумласидандир.

Ходим ва иш берувчининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари мустаҳкамлаб қўйилди. Масалан, ходим меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мос келадиган иш жойига эга бўлиш, иш вақти давомийлигининг чегарасини, айрим касблардаги ва тоифалардаги ходимлар учун қисқартирилган иш вақтини белгилаш, ҳар 13 ҳафталик дам олиш кунлари, ишланмайдиган байрам кунлари, шунингдек йиллик меҳнат таътиллари бериш орқали таъминланадиган дам олиш каби қатор ҳуқуқларга эга.

Шунингдек, иш берувчининг мажбуриятлари ҳам белгиланган бўлиб, иш берувчи мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатининг оғир шакллари қўлланилишига йўл қўймаслиги, меҳнатни муҳофаза қилиш норматив талабларига мувофиқ бўлган меҳнат хавфсизлигини ва шарт-шароитларини таъминлаши зарурлиги ўз аксини топган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун бўлиб ўтаётган навбатдаги мажлисида Спикер Н.Исмоилов дастлаб янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси ҳақида тўхталиб ўтди. Унинг аҳамияти, мазмун-моҳиятига эътибор қаратди. Спикер кодексдаги нормаларнинг асосий қисми тўғридан-тўғри ишловчи нормалар эканлигини, уни ишлаш жараёнида намунавий қонун даражасига олиб чиқилгани, яъни унинг матни юридик-техник ва лингвистик жиҳатдан талабларга жавоб беришини, шу боис намунавий қонун дейиш мумкинлигини таъкидлади.

Қайд этилдики, янги таҳрирдаги кодекс моҳиятини кенг тарғиб қилиш лозим. Бу борада депутатлик корпуси томонидан жойларда туркум семинар ва тушунтириш ишлари режалаштирилаётгани айтилди. Бунда меҳнат жамоаларида тегишли масъуллар иштирокида кодекс мазмун-моҳияти борасида батафсил тушунтириш ишлари олиб борилади.

М.Комилова, ЎзА