Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати дунёнинг барча мамлакатлари, хусусан, Европа давлатлари парламентлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантирмоқда.

Сенатда Германия Федератив Республикаси Бундестагининг “Германия – Марказий Осиё” парламент гуруҳи аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ҳамкорлик,  парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Икки мамлакат ўртасида барча йўналишларда, жумладан, савдо, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик муносабатлари кенгайиб бормоқда. Парламентлараро алоқалар суръати сезиларли равишда фаоллашди.

Олий Мажлиснинг Германия Бундестаги билан имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми парламентлар ўртасидаги муносабатларда муҳим ўрин тутмоқда.

Сенат раиси Танзила Норбоева немис парламентаризмининг бой тажрибаси ва анъаналарини қайд этиб, ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Бунинг муҳим йўналиши Европа Иттифоқининг “Inter-Pares” лойиҳаси доирасидаги ўзаро ҳамкорлик эканига урғу берилди. Парламентнинг давлат бошқаруви тизимидаги ролини ошириш борасида эришилган ижобий натижалар туфайли Ўзбекистон минтақада ушбу дастурда иштирок этган биринчи давлат бўлди.

Томонлар бундай учрашувлар Ўзбекистон-Германия муносабатларида ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги янги босқичнинг бошланиши бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

“Германия – Марказий Осиё” депутатлар гуруҳи раиси ўринбосари Робин Вагенер Германия Марказий Осиё минтақасининг асосий давлати – Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади.

Бунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, хусусан, очиқлик сиёсати, ташқи иқтисодий фаолиятнинг тубдан либераллашуви, тадбиркорлар учун яратилган қулай шароитлар муҳим роль ўйнамоқда.

Учрашувда Европа Иттифоқининг парламентлар салоҳиятини кучайтириш бўйича “Inter-Pares” лойиҳаси доирасида тажриба алмашиш, тегишли қўмиталар ва дўстлик гуруҳлари раҳбарлари даражасида парламентлараро алоқаларни фаоллаштиришга келишиб олинди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА