Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан 9 март куни давлат ташрифи билан Душанбега келди.
Душанбе халқаро аэропортида олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Давлатимиз раҳбарини Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон кутиб олди.
Ўзбекистон билан Тожикистонни умумий тарих, узвий маънавий қадриятлар боғлаб туради. Икки халқ азалдан бир дарёдан сув ичган, қариндошлик ришталари билан боғланган. Бизни икки тилда гаплашувчи бир халқ дейишади. Азалий қўшнилик ва ўзаро ҳурмат анъаналари икки давлат ўртасидаги муносабатларда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қиляпти.
Сўнгги вақтларда ўзаро алоқаларда улкан ўзгаришлар кузатилмоқда. 2016 йилнинг сентябридан ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Тожикистон раҳбари ўртасида тўрт марта учрашув, самимий ва муҳим телефон мулоқотлари ўтказилди. Президентлар ўзаро алоқаларни икки қардош халқ манфаатларидан келиб чиқиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш йўлида биргаликда ишлашга тайёр эканини бир неча маротаба қайд этди.
Жорий йилнинг 10-11 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Душанбе шаҳрида бўлиб, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳамда давлатлараро чегараларни делимитация қилиш бўйича Ҳукуматлараро комиссия мажлисида иштирок этди. Ўтган йили мамлакатларимиз пойтахтлари ўртасидаги авиаташувлар, темир йўл қатнови қайта тикланди. Самарқанд – Панжикент оралиғида А-377 халқаро автомобиль йўли очилди. Ўзбекистон – Тожикистон давлат чегарасида ўтказиш пунктлари ўз ишини тиклади.
2017 йилда Тошкент ва Душанбе шаҳарларида ишбилармон доиралар ўртасида ўзаро алоқаларни кенгайтириш, савдо битимлари ва шартномаларни тузишга асос бўлган миллий кўргазмалар ва бизнес-форумлар ташкил этилди. Икки мамлакат ўртасида автомобиль, темир йўл ва ҳаво қатнови йўналишлари қайта тикланди. Апрель ойида Тошкент ва Душанбе шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилди. 2017 йилда Тожикистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси маданияти кунлари ва Ўзбекистон Республикасида Тожикистон Республикаси маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилди.
Юртимизда тожик миллатига мансуб қарийб 1,5 миллион фуқаро истиқомат қилади. Мамлакатимизнинг 10 ҳудудида тожик миллий маданият марказлари фаолият олиб бормоқда. Самарқанд, Термиз, Фарғона давлат университетларида тожик тилида машғулотлар олиб борилади.
Ташрифнинг асосий воқеалари Душанбе шаҳридаги Миллат қасрида бўлиб ўтди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросимида олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Президентлар – Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон шоҳсупага кўтарилдилар. Ўзбекистон ва Тожикистон давлат мадҳиялари янгради. Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.
Шундан сўнг Президентларнинг яккама-якка учрашуви бўлиб ўтди. Дўстона ва конструктив руҳда ўтган суҳбатда сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда икки томонлама кенг қамровли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш истиқболлари, шунингдек, минтақавий ва халқаро муаммолар муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари Тожикистон Президентига самимий қабул ва Ўзбекистон делегациясига кўрсатилган юксак эҳтиром учун миннатдорлик билдирди. Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда кузатилаётган ўсиш суръатини мамнуният билан қайд этди.
Тожикистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган мамлакат салоҳиятини мустаҳкамлаш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, халқ фаровонлигини ошириш ва давлатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган ишларга юқори баҳо берди.
Ўзбекистон билан Тожикистон ўзаро шериклик муносабатларини изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича қатъий азму шижоат намойиш этмоқда. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар кўлами кенгайиб, конструктив сиёсий мулоқот ўрнатилаётир. Олий даражадаги алоқаларни янада кенгайтириш бўйича муҳим қадамлар қўйилди.
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар янги давр талаблари асосида ривожланмоқда. Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида 2000 йилда имзоланган Абадий дўстлик тўғрисидаги шартномада икки томонлама муносабатларнинг асосий тамойиллари акс этган.
Томонлар халқаро майдонда, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳамкорликни изчил давом эттириб келмоқда.
Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик икки мамлакат халқларининг узоқ муддатли манфаатларига жавоб берадиган, Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва изчил ривожланишни таъминлашда асосий омил бўладиган даражага кўтарилмоқда.
Учрашувда Тожикистон томони Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг «Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» ва «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияларини, шунингдек, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида БМТ конвенциясини ишлаб чиқиш бўйича ташаббуслари қўллаб-қувватланишини билдирди.
Ўзбекистон ва Тожикистон расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибдаги учрашувда ҳамкорликнинг бошқа муҳим масалалари ҳам кўриб чиқилди. Музокарада узоқ муддатли муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини янада ривожлантириш ва ҳамкорликнинг барча йўналишларидаги мавжуд юксак салоҳиятни имкон қадар тўла рўёбга чиқариш масалалари муҳокама қилинди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ва жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. 2017 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 240 миллион долларни ташкил этди. Бу охирги 20 йилдаги энг юқори кўрсаткичдир. Ўзаро товар етказиб бериш ҳажми, хизматларни ҳисобга олмаганда, кейинги икки йилда 10 мартадан ортиқ кўпайди. Бунда транспорт воситалари ва хизматлари, тўқимачилик ва пластмасса маҳсулотлари, маиший техника воситалари асосий ўринни эгаллади.
Бугунги кунда мамлакатимизда тожикистонлик сармоядорлар иштирокида тузилган 25 корхона фаолият кўрсатмоқда. Ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш мақсадида Душанбе ва Тошкентда қўшма бизнес-форумлар ўтказиш яхши анъанага айланди. Икки мамлакат Савдо-саноат палаталари ўртасида “Тожикистон – Ўзбекистон” ишбилармонлар кенгаши тузилиб, ташриф доирасида унинг биринчи йиғилиши ўтказилди.
Томонлар енгил саноат, озиқ-овқат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, мева-сабзавотни қайта ишлаш, транзит учун қулай шароитлар яратиш, минтақалар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш каби соҳаларда атрофлича фикр алмашди.
Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида маҳсулот айирбошлаш ҳажми имкониятлар даражасида эмаслиги эътироф этилиб, икки томонлама товар айланмаси ҳажмини 500 миллион долларга етказиш учун улкан салоҳият мавжудлиги қайд этилди.
Музокарада қўшма корхоналар ва савдо уйларини ташкил этиш, ташқи савдо инфратузилмалари ва экспорт-импорт операцияларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, икки томонлама бизнес-форумлар ва саноат маҳсулотлари миллий кўргазмаларини ташкил қилиш учун қулай имкониятлар мавжудлиги қайд этилди. Хусусан, Душанбе шаҳрида ташкил қилинган «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» кўргазмаси ва Ўзбекистон – Тожикистон қўшма бизнес-форумига юқори баҳо берилди.
Олий даражадаги учрашувда таъкидланганидек, икки давлатнинг умумий транспорт-коммуникациявий имконияти ва транзит салоҳиятидан тўла фойдаланишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Бу борада ҳамкорликни кенгайтириш ва мавжуд автомобиль, темир йўл, ҳаво қатнови йўналишларини қайта тиклаш ва янгиларини яратиш масалалари долзарб аҳамият касб этмоқда.
Музокарада тегишли вазирлик ва идораларга икки томонлама келишувлардан самарали фойдаланиш ва ҳамкорликни кенгайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, ишбилармонларнинг бевосита алоқаларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш каби вазифалар топширилди. Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, халқаро муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш, терроризм ва экстремизм ҳамда бошқа турдаги уюшган трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларида давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан Ўзбекистон ҳам, Тожикистон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.
Очиқ мулоқот, ўзаро англашув руҳида ўтган музокарада минтақа давлатлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда сув-энергетика ресурсларидан оқилона ва адолатли фойдаланиш, муаммоларни ҳал этишда умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларга риоя қилиш зарурлиги таъкидланди.
Маълумки, Тожикистон 2018 йилда МДҲга раислик қилмоқда. Ҳамдўстликни ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида ривожлантириш, уни таъсирчан музокара майдонига айлантириш механизмларидан самарали фойдаланиш икки давлат учун ҳам манфаатлидир. Ўзбекистон томони Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Антинаркотик марказини ташкил қилиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлайди.
Шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорлик борасида ҳам фикр алмашилди. Қайд этилганидек, илмий муассасалар, ўқув юртлари, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва спорт жамоалари, ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари, касаба уюшмалари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар йўлга қўйилмоқда.
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг мамлакат пойтахтидаги “Ёшликнинг 50 йиллиги” истироҳат боғи номини “Низомиддин Алишер Навоий” деб қайта номлаш тўғрисидаги фармойиши икки халқ маданий ҳаётида муҳим воқеа бўлди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон томонининг Самарқанд шаҳрида икки халқнинг буюк вакиллари – Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийга ёдгорлик ўрнатгани катта мамнуният билан қабул қилинди. Бундан ташқари, Тошкент метрополитенининг Сергели туманида қурилаётган станцияларидан бирига атоқли тожик шоири, Тожикистон Қаҳрамони Мирзо Турсунзода номи берилди.
Президентлар ўзбек тилини Тожикистонда, тожик тилини Ўзбекистонда ўрганиш ва ўргатишни такомиллаштириш, ўқув ва бадиий адабиётлар, даврий ва илмий нашрлар билан алмашув, икки мамлакатнинг мумтоз адабиёт вакиллари ва замонавий муаллифлари асарларини таржима қилишга алоҳида эътибор қаратди. Таълим ва фан соҳасида ўзаро муносабатларни, шу жумладан, икки мамлакат олий ўқув юртлари ва фанлар академиялари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга Абдураҳмон Жомийнинг сара асарлари жамланиб, ўзбек тилида чоп этилган «Муҳаббат махзани» китобини совға қилди.
Олий даражадаги музокаралар икки томоннинг ҳам ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш, қўлни қўлга бериб, янги марралар сари дадил қадамлар ташлашга тайёр эканини намоён этди.
Музокаралар якунида икки мамлакат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида Дўстлик ва яхши қўшниликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги Қўшма баёнот, Ўзбекистон – Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартномани имзоладилар.
Бундан ташқари, савдо, иқтисодиёт, инвестиция, молия, транспорт ва транзит, қишлоқ хўжалиги, сув-энергетика, солиқ, божхона, туризм, фан-таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, хавфсизлик ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлик ҳамда ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришга доир 27 ҳужжат имзоланди.
Ушбу салмоқли ҳужжатлар тўплами мамлакатларимиз ва қардош халқларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш учун янги ҳуқуқий асос яратади.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон музокаралар ўзаро ҳурмат, ишонч ва ишчанлик руҳида ўтганини, мазкур тарихий ташриф манфаатли келишувларга эришишда муҳим қадам бўлиб, Ўзбекистон – Тожикистон ҳамкорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришини таъкидладилар.
– Ушбу тарихий ташриф доирасида Ўзбекистон билан Тожикистоннинг сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика ва бошқа устувор соҳалардаги муносабатларини мустаҳкамлашга доир долзарб масалаларни муҳокама қилдик. Эришилган келишувлар нафақат халқларимиз, балки бутун минтақа учун улкан аҳамиятга эга, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари Душанбе шаҳридаги “Дўстлик” майдонига ташриф буюрди. Бу ерда сомонийлар давлати асосчиси, миллат озодлиги ва тинчлик рамзи бўлган Исмоил Сомоний ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Мазкур ёдгорлик тожик халқи учун табаррук маскан ҳисобланади. Сомонийлар давлати ташкил топганининг минг йиллиги муносабати билан бунёд этилган ҳайкалнинг баландлиги 13 метр бўлиб, қимматли маънавий ёдгорлик саналади.
Давлатимиз раҳбарининг Тожикистон Республикасига ташрифи доирасида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” миллий маҳсулотлар кўргазмаси очилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ҳамроҳлигида мазкур кўргазмага ташриф буюрди.
Маълумки, мамлакатларимиз ўртасида темир йўл қатновини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилган эди. Давлат раҳбарлари кўргазмага киришдан олдин «Ғалаба – Амузанг – Хошади» темир йўл линиясининг очилиш маросимида иштирок этди. Президентлар поездлар қатновини бошлаш тугмасини босди. Икки давлат ўртасида темир йўл қатнови расман йўлга қўйилди.
Шундан сўнг давлат раҳбарлари ва делегация аъзолари кўргазмада намойишга қўйилган маҳсулотлар билан танишди. Кўргазмада автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, фармацевтика, кимё, нефть-газ, металлургия, электротехника, енгил саноат маҳсулотлари, шунингдек, қурилиш ашёлари ҳамда ҳунармандлик намуналари кенг намойиш этилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Тожикистон Президентини юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан яқиндан таништириш баробарида, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш лозимлигини таъкидлади.
Ўз навбатида, Тожикистон Президенти мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатига юқори баҳо берди, турлари кўплигини таъкидлади. Қўшма корхоналар ташкил этиш таклифини билдирди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон – Тожикистон бизнес-форуми ҳам бўлиб ўтди. Форумда мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун яратилаётган шароит, юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, чет эл сармоядорлари учун солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида маълумот берилди. Тожикистон томони ҳам мавжуд иқтисодий имкониятлари тақдимотини ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи давом этмоқда.