Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил бўлди. Ўтган вақт давомида нафақат стратегик шерик давлатлар сифатида икки томонлама муносабатлар, шу билан бирга, БМТ, ЕХҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида ҳам кўп томонлама ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланмоқда.

Хусусан, 2021 йилнинг март ойида Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг юртимизга расмий ташрифи ва унинг доирасида имзоланган стратегик шериклик муносабатлари ўзаро ҳамкорликнинг мутлақо янги босқичини бошлаб берди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, Венгрия Европанинг аҳолиси нисбатан кам, тўғридан-тўғри океанга чиқиш имкониятига эга бўлмаган давлатларидан бири бўлишига қарамасдан бу ерда қишлоқ хўжалиги, транспорт, фармацевтика, тўқимачилик, озиқ-овқат, электротехника саноати жадал ривожланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 3-4 октябрь кунлари Венгрияга расмий ташрифи доирасида стратегик шериклик даражасидаги муносабатларни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, Будапешт шаҳридаги Шандор саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Венгрия Президенти Каталин Новак билан бўлиб ўтган учрашувда ҳам халқларимизнинг азалий тарихий алоқалари, муштарак қадриятлари ва ўхшаш менталитети дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш учун пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани, Ўзбекистон Европа Иттифоқининг GSP+ преференциялар тизимига қўшилгани ўзаро савдони салмоқли даражада кўпайтириш ва диверсификация қилиш учун янги имкониятлар очиши таъкидланди.

Шунингдек, давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашиб, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги фаол мулоқотни ва ўзаро кўмакни давом эттириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Шу билан бирга, ташриф доирасида Президент Шавкат Мирзиёев Будапешт шаҳрида Венгриянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Тадбирда Венгрия иқтисодий ривожланиш вазири Мартон Надь, Савдо-саноат палатаси раиси Ласло Парраг, «OTP Bank» раиси Шандор Чаньи, шунингдек, «Gedeon Richter», «Bonafarm», «Wizz Air», «Raba Holding», «Meditop», «Master Good», «Kite» каби йигирмага яқин энг йирик компания ва корпорациялар раҳбарлари иштирок этди.

Мулоқот жараёнида мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий муваффақиятлари ҳақида венгриялик ишбилармон доира вакилларига маълумотлар бериб ўтилди.

Венгрия – Европанинг энг тез ўсиб бораётган иқтисодиётларидан бири, қишлоқ хўжалиги, савдо, туризм, молия ва ахборот технологиялари соҳаларида улкан салоҳиятга эга эканлиги, сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланиб, охирги 5 йилда товар айирбошлаш 3 баробар кўпайгани эътироф этилди.

Шунингдек, 4 октябрь куни Будапештдаги “Кармелита” саройида Президент Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ўртасида дастлаб тор доирадаги ҳамда икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда мулоқот ўтказилди.

Ушбу мулоқотлар давомида томонлар келажакда икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларга етказиш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан, саноат кооперацияси орқали амалга оширишга алоҳида эътибор қаратишди. Шу маънода, икки мамлакат иқтисодиётлари бир-бирини тўлдириб туриши, ривожланиш стратегиялари диверсификация ва индустриаллашувга қаратилгани  билан бир-бирига ўхшашлиги қайд этилди.

Қишлоқ хўжалиги, транспорт, фармацевтика, тўқимачилик, озиқ-овқат, электротехника, сувни тежаш ва саноат соҳаларидаги кооперацияга янги кучли суръат бағишлаш юзасидан келишувга эришилди. Шу мақсадда устувор лойиҳаларни молиялаштириш учун тез фурсатда қўшма фонд тузилиши, бизнес-форум ва кўргазмалар мунтазам ўтказиб борилиши белгилаб олинди.

Томонлар ташриф олди Венгрияда ўтказилган бизнес-форумнинг муваффақиятли якунлангани, яъни қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган инвестиция ва савдо битимлари имзолангани ҳамкорликнинг аниқ амалий натижаси бўлганини мамнуният билан қайд этдилар.

Эришилган келишувларни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида Будапештда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонасини очиш юзасидан келишувга эришилди. Бундан ташқари, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида Ўзбекистон – Венгрия стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришга қаратилган 15 та ҳужжат имзоланди.

Хулоса қилиб айтганда, икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик алоқаларининг янада ривожланиши, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қартилган фонднинг тузилиши ҳамда Будапештда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонаси фаолиятининг йўлга қўйилиши ташриф давомида эришилган келишувлар ўз вақтида амалга оширилишида муҳим аҳамият касб этади.

Албатта, бу жараёнда икки мамлакат парламентлари ўртасида йўлга қўйилган ўзаро дўстлик гуруҳлари фаолиятининг ҳам ўрни юқори. Шу боисдан, барча йўналишларда бўлгани каби парламентлараро алоқаларни ҳам янада ривожлантириш, ўзаро қонунчилик тажрибасини ўрганиш борасида фаол ҳамкорлик олиб бориш муҳим саналади.

Маҳфират ХУШВАҚТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

ЎзА