Мамлакатимизда 300 минг нафардан ортиқ ўрта тиббиёт ходими ва 6 минг нафарга яқин олий маълумотли ҳамшира фаолият юритиб келмоқда. Сўнгги йилларда уларнинг эмин-эркин ишлашини таъминлаш, жамиятдаги ўрни, ижтимоий мавқеини кўтариш бўйича сезиларли ишлар амалга ошириляпти.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқотида ҳамширалар учун янги иш ўринлари яратиш, замонавий тиббий технологиялардан фойдаланиш имкониятларини ошириш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, билим ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштиришга доир қатор устувор вазифалар белгиланди.

Жумладан, алоҳида натижага эришган, ҳалол ва виждонан ишлаётган шифокор ва ҳамшираларга 100 фоизгача ойлик устамалар белгиланадиган бўлди.

Тиббиёт коллежлари ва техникумлари трансформация қилиниши ҳам соҳадаги муҳим янгиликлар сирасидан. Бунда хорижий ҳамкорлар билан халқаро тажриба асосида ҳамшираларни тайёрлашнинг янги мактаби яратилади. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги мавжуд 27 та тиббиёт коллежи ҳамда 47 та Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумлари олий таълим муассасаларига бириктирилади.

Бундан ташқари, Президентимизнинг “2022–2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш тўғрисида”ги қарорида 2022 йил 1 июлдан бошлаб “тиббиёт бригадалари” таркибига қўшимча 3 минг 600 та, 2023 йил 1 январдан бошлаб яна қўшимча 4 минг 900 та ўрта тиббиёт ходимлари штатлари ажратилиши белгиланди.

Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳамширалик иши фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йил 1 январдан  ўрта тиббиёт ходимлари “ҳамширалик иши” билан мустақил шуғуллана бошлади.

Тошкентда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида фаолият олиб бораётган 60 нафардан ортиқ ўрта тиббиёт ходимлари, бош ва катта ҳамширалар иштирокида ўтказилган давра суҳбатида ана шулар ҳақида сўз юритилди.

Тадбирда юртимизда ҳамширалик ишини ривожлантириш борасидаги муҳим вазифалар ва уларнинг ижросига доир фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ўз навбатида, ўрта тиббиёт ходимлари касбий фаолияти билан боғлиқ саволларига соҳанинг малакали мутахассисларидан жавоб олди.

ЎзА