3 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Венгрияга ташрифи доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида Ўзбекистон-Венгрия бизнес форуми бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон ва Венгриянинг автомобиль саноати, транспорт, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, ахборот технологиялари, чарм-пойабзал соҳаларидаги етакчи компаниялари вакиллари ҳамда банк-молия муассасалари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон-Венгрия бизнес форуми доирасида “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки” АЖ ва Венгриянинг Экспорт-импорт банки (Венгрия Эксимабанки) ўртасида қиймати 50 миллион еврога тенг кредитни жалб қилиш бўйича шартнома имзоланди.

Венгриянинг Экспорт-импорт банки экспортни молиялаштириш соҳасида етакчи молиявий институт ҳисобланади. Ушбу кредит маблағлари йирик инвестициявий лойиҳаларни, Венгриядан ускуналар, товар ва хизматлар етказиб беришни кўзда тутувчи кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштиришга ёрдам беради.

Венгрия Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги муҳим ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Икки мамлакат раҳбарларининг ташаббуслари самараси ўлароқ ўзаро манфаатли шерикчилик муносабатлари йил сайин мустаҳкамланиб бормоқда. Венгриянинг Экспорт-импорт банки билан имзоланган янги шартнома бунинг амалий ифодасидир. Бу бизнес-форумда эришилган келишув ва шартномаларни амалга ошириш имконини беради.

Ушбу шартноманинг афзал жиҳатларидан яна бири Венгриянинг Экспорт-импорт банки таркибига кирувчи экспорт кредитларини суғурта қилувчи MEHIB компанияси билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш имкониятини тақдим этиши, шунингдек, ишлаб чиқариш ва ускуналарни етказиб бериш, етказиб берувчи ёки харидорнинг тўланмаган қарзлари, кредитлари, лизинг, банк кафолати ва инвестициялар билан боғлиқ таваккалчиликларни молиялаштиришни таъминлайди.

Тадбир доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги товар айирбошлашни рағбатлантириш ҳамда мамлакатларимизда қўшимча иш ўринлари яратишга ёрдам беради.

«Ўзбекистон Республикаси

Ташқи иқтисодий фаолият 

Миллий банки” АЖ матбуот хизмати