Бундан бир йил муқаддам давлатимиз раҳбарининг “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ҳудудий адлия бошқармалари ҳузурида юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилди.

Ўтган бир йил давомида Юридик хизмат кўрсатиш марказлари давлат ташкилотларининг 2 миллионга яқин ҳужжатини ҳуқуқий экспертизадан ўтказди. Натижада ушбу ҳужжатларнинг ваколатли органлар, шу жумладан, судлар томонидан бекор қилиниши 99,3 фоизга қисқарди. 2019–2021 йилларда 21 минг 588 ҳужжат бекор бўлганини ҳисобга олсак, юридик марказларнинг нечоғли аҳамиятга эга эканини англаш қийин эмас.

Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган “Юридик хизмат кўрсатиш марказларига бир йил: рақамлар, ютуқлар ва истиқболдаги вазифалар” мавзусидаги матбуот анжуманида бу алоҳида қайд этилди.

Юридик марказлар мавжудлиги боис давлат органларининг ҳудудлардаги 21 мингдан ортиқ бўлинмаларида бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиёти шаклланмоқда.

Талабномалар киритиш йўлга қўйилиб, 4,5 миллиард сўмдан ортиқ пул маблағлари низосиз тартибда судгача ундирилди.

Ҳужжатлар билан ишлаш “E-huquqshunos” тизими орқали тўлиқ рақамлаштирилди ва натижада 2 миллион дона ёки 10 тонна 232 миллион сўмлик қоғоз тежалди.

Мактаблардаги кадрлар хизмати ходимларига тўланмай қолган қарийб 16 миллиард сўм маблағларни тўлаб бериш чоралари кўрилди.

Малакали ва ёш ҳуқуқшунослар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш тизими йўлга қўйилиб, барча йўналишлардаги мураккаб ҳуқуқий муаммоларни коллегиал тарзда ҳал қилиш имконияти яратилди.

Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида 22 мингга яқин ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Юридик хизмат ходимларининг тўлиқ мустақиллиги таъминланиши орқали уларнинг иш фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш ҳолатларига барҳам берилди, ойлик иш ҳақлари 3 баробарга кўтарилди.

Марказлар самарадорлигини баҳолаш тизими ишлаб чиқилди.

Марказлар қамровини янада кенгайтириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларига сифатли ва профессионал юридик хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг хизмат кўрсатмаётган туман (шаҳар) даражасидаги бўлимлари фаолияти таҳлил қилинмоқда.

Таҳлил натижасига кўра, юридик хизмат кўрсатиш фаолияти кўламини кенгайтириш юзасидан тегишли таклиф ишлаб чиқилади.

Н.Абдураимова, ЎзА