Жаҳоннинг турли нуқталарида рўй бераётган қуролли можаролар, глобал иқлим ўзгариши, экологик муаммоларнинг чуқурлашиши, Ер юзининг аксарият қисмини қамраб олган пандемия кейинги йилларда дунёни ўзгартирди, мураккаблаштирди. Давлатлар бир-бирини тушунишга, ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилишга, ҳамжиҳат бўлишга қийналмоқда.

Президентимизнинг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали мақоласини ўқиб, бундай чигал вазиятда очиқ, дўстона мулоқот нақадар зарурлигига амин бўласиз. Мақолада дунёдаги мураккаб ижтимоий-сиёсий вазиятнинг мазмуни чуқур таҳлил билан, айни пайтда, турли соҳа вакиллари учун ҳам аниқ, тушунарли тарзда очиб берилди. Давлатимиз раҳбарининг фикрларини ўқиган одам Самарқандда ўтаётган саммитнинг тарихий аҳамиятга эга эканини кенг тушунади.

Мақолада таъкидланганидек, давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончсизлик жараёни жаҳон иқтисодиётининг аввалги тараққиёт йўлига қайтишини ва глобал таъминот занжирларининг тикланишини мураккаблаштирмоқда. Турли муаммолар инсоният тақдирига бевосита дахлдор бўлган муштарак қадрият ва неъматларнинг емирилишига олиб келиб, одамлар ҳаёти ва фаолиятига таҳдид солмоқда, уларнинг даромад манбаларини қисқартирмоқда.

Дарҳақиқат, пандемия ва ҳар хил низолар сабаб миллионлаб одамларнинг турмуш тарзига, даромадига, тинчлиги-хотиржамлигига путур етмоқда. Лойиҳа ва дастурларни режалаштириш, амалга ошириш қийинлашмоқда, иқтисодий-молиявий, савдо-сотиқ йўналишида ечилмай қолаётган масалалар бошқа муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Озиқ-овқат хавфсизлиги, иш ўринлари барқарорлиги, инсонларнинг устувор ҳуқуқлари таъминлаши айрим давлатларда жиддий муаммога айланмоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири, албатта, давлатлар ўртасида очиқ мулоқот ва ҳамкорлик муҳити сусайиб қолгани билан ҳам изоҳланади.

Шу маънода Самарқанд саммити пандемиядан кейин йиғилиб қолган масалаларни самарали ҳал қилиш учун тарихий имконият, деб қаралмоқда.

Президентимизнинг чуқур таҳлиллларга асосланган фикрларидан сезиш мумкинки, бу саммит нафақат ШҲТга аъзо давлатлар, муайян минтақа, балки бутун дунёни ўйлантириб турган масалаларга ҳам ечим топишга кўмаклашади.

Халқаро экспертлар Самарқанд саммитига алоҳида эътибор билан қараётганининг асосий сабабларидан яна бири, шубҳасиз, кейинги йилларда Ўзбекистон ўзини тинчликпарвар, очиқ ва мулоқотга таянадиган ташаббускор давлат сифатида намоён эта олгани билан боғлиқ. Президентимиз бошчилигида Ватанимиз ташқи сиёсатда, халқаро ташаббусларни илгари суришда, масалаларни биргаликда ҳал қилиш бўйича катта йўлни босиб ўтди. Ўзбекистон ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан ҳам фаол қўллаб-қувватланмоқда. Дунёда Ўзбекистонга муносабат тубдан ўзгарган, юртимиз ишонса бўладиган ҳамкор сифатида қаралмоқда.

Мақолада кўрсатиб ўтилганидек, самарали халқаро ҳамкорлик – бу дунёда барқарор, ишончли ва фаровон тараққиётнинг энг муҳим омилидир. Айнан шундай ёндашув замонамизнинг долзарб муаммоларини баҳамжиҳат ҳал этиш, янги хавф-хатар ва ижтимоий ларзалардан ҳимояланиш учун энг аниқ, мақбул ва самарали йўл ҳисобланади.

Юзма-юз учрашувларда ўзаро ишонч ришталари кучлироқ боғланади. Халқимизда “меҳр – кўзда”, деган ҳикматли нақл бор. Демак, кўз-кўзга тушадиган бу мажлисдан катта натижалар кутилиши табиий.

ШҲТ саммити доирасида иқтисодий масалалар, ҳамкорликлар ҳақида фикр алмашинилади. Шубҳасиз, ҳар бир етакчи халқ фаровонлиги ва юрт тинчлигини олий мақсади қилиб олган. Демак, биз бу саммитдан халқимизнининг турмуш-тарзини яхшилайдиган ва фаровонликка етаклайдиган янги имкониятлар очилишини кутсак бўлади.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ШҲТнинг Самарқанд саммити умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ўзаро ҳурмат, ишонч, конструктив ҳамкорлик принципларига асосланган янги, инклюзив мулоқотни йўлга қўйиш борасида ўзига хос намуна бўла олишига ишонамиз.

Улуғбек ИНОЯТОВ, 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 
Спикери ўринбосари, ЎзХДП фракцияси раҳбари. 
ЎзА