Мамлакатимизда бўлиб ўтаётган йирик анжуман – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида бир қатор муҳим ва устувор масалаларга, жумладан, аҳоли саломатлигини сақлаш, тиббиёт йўналишига алоҳида эътибор қаратилади.

ШҲТ доирасида айни йўналишда муҳокама этилаётган масалалар хусусида “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари фикри билан  танишдик.

Анваржон МИРКОМИЛОВ: 

– Ҳозир дунё бўйлаб хавфли юқумли касалликлар тарқалиши тизим учун ўзига хос синов сифатида намоён бўлмоқда.

ШҲТнинг 2020 йил бўлиб ўтган саммитида Эпидемия таҳдидига қарши кураш бўйича қўшма чора-тадбирлар комплекс режаси тасдиқланган. Ўша анжуманда давлатимиз раҳбари хавфли инфекцион касалликлар тарқалишига қарши ҳамкорликни янада фаоллаштириш, юқумли касалликлар бўйича тиббиёт муассасалари тармоғини яратиш, телемедицина соҳасидаги ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқишга қаратилган муҳим ташаббусларни ҳам илгари сурган эди.

Ушбу ташаббуслар пандемия шароитида ШҲТга аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш тизими салоҳиятини оширишга хизмат қилди. Қолаверса, масофавий технологияни жорий этиш жараёнини жадаллаштириш орқали тизимни пандемиядан кейинги даврга мослаштиришга нисабатан эҳтиёж ортиб бораётган бир пайтда ўта долзарб аҳамият касб этмоқда. Коронавирус пандемияси даврида эркин ҳаракатланиш ва юзма-юз мулоқот чеклови онлайн тиббий маслаҳатга талаб ошишига олиб келди.

Бинобарин, дунёда мавжуд ноқулай эпидемиологик вазиятда нафақат “шифокор-шифокор”, балки “шифокор-бемор” тартибида ишлаш учун телевизион тиббиётдан самарали ва тез-тез фойдаланиш зарурати ҳар қачонгидан ҳам яққол намоён бўлмоқда. Пандемияда беморлар кўпайиши туфайли соғлиқни сақлаш тизимида юзага келган ҳаддан ташқари тирбандлик телетиббиёт ривожига кучли туртки берди. Бошқача айтганда, масофавий тиббий хизматга талаб ошди.

Масалан, Хитойда эпидемия авжига чиққан даврда телетиббиётдан фойдаланувчилар сони 2019 йилга нисбатан 30 фоиз ошган.

Мамлакатимиз раҳбарияти вазиятни тўғри баҳолаган ҳолда, тўпланган умумий тажрибадан глобал эпидемиологик инқирозга қарши биргаликда курашишда фойдаланиш мақсадида анъанавий шериклар билан ҳамкорликни кенгайтириш йўлидан бормоқда.

Шу ўринда айтиш керак, соғлиқни сақлаш соҳаси аллақачон ШҲТ мамлакатлари томонидан ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида кўриб чиқилмоқда.

2010 йилдан бошлаб тузилма таркибисида Соғлиқни сақлаш вазирлари конференцияси фаолият кўрсатмоқда. 2011 йил ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битим қабул қилинган.

Дунё аҳолисининг, қарийб, ярмини ташкил этган ташкилот салоҳиятига қарамай, соғлиқни сақлаш ва телетиббиёт соҳасидаги ҳозирги ҳамкорлик, асосан, маслаҳатлашув шаклида давом этяпти.

Хуллас, ташкилотга аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш соҳасининг турли йўналишлари бўйича жаҳонда етакчи ўринларни эгаллайди. Шу билан бирга ҳамкорликни чуқурлаштириш учун ҳали фойдаланилмаган улкан имконият мавжуд.

Авазбек ХОЛБЕКОВ:

– Ўтган йилги саммитда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “COVID-19”дан кейинги реабилитация, эмлаш бўйича сертификатни ўзаро тан олиш, юқумли касалликларнинг олдини олиш, хасталикларни даволаш масаласи бўйича “Йўл харита”сини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш бўйича муҳим ташаббус илгари сурилган эди.

Маълумки, жорий йил 9 июнь куни Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Соғлиқни сақлаш вазирларининг 5-йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш якунида тузилмага аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, анъанавий тиббиётни замонавий тиббиётга интеграция қилиш, юқумли касалликлар хавфини камайтириш масаласида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.

Телетиббиёт технологияси, анъанавий тиббиёт, фармацевтика ва санитария-эпидемиология хизмати соҳаси мутахассислари малакасини ошириш бўйича саъй-ҳаракатни бирлаштириш бўйича келишувга эришилгани ҳам ижобий натижа.

Хулоса қилиб айтганда, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар аъзо давлатлар тиббиёти ривожига, аҳоли саломатлигини асраб-авайлаш, соҳада тўпланган тажриба ва эришилаётган ютуқлар билан ўртоқлашишга қаратилгани билан аҳамиятли.

ЎзА мухбири

Гўзал Сатторова ёзиб олди