Қадимдан турли миллат вакиллари учун тарихий мулоқот майдони, маданиятлар кўприги ва яхши қўшничиликни мустаҳакамлаш маскани сифатида ном қозонган Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтади.

Ўзбекистон раислигида ШҲТ доирасида қандай натижаларга эришилди?

Ташкилотнинг мақсад ва вазифалари ҳақида турлича талқинлар тарқатилмоқда. Аслида, ШҲТнинг устувор мақсад ва вазифалари нималардан иборат?

Мақолада шулар ҳақида фикр юритамиз.

Руҳшунослар инсон жуда кўп ҳолларда фақат ўзи хоҳлаган нарсани кўришини исботлашган. Воқеа ва ҳодисаларни онгли тушунишимиздан ташқарида бўлган онг ости ҳодисаси атрофимиздаги реалликни аслича эмас, балки ўзимиз учун керакли ва қулай тарзда қабул қилишга мажбурлайди.

Дейл Карнегининг “Безовталикдан қандай қутулиб яшаш мумкин?” китобида келтирилган мисрада айтилганидек:

“Гарчи битта деразадан қарар,

Биров балчиқ, биров юлдузни кўрар”…

Шу кунларда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг юртимизда бўлиб ўтадиган саммити кўпчиликнинг диққат-эътиборида бўлиб турибди. Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисига мезбонлик қилади. Ушбу тадбир ШҲТ етакчиларининг 2019 йилдан буён биринчи юзма-юз учрашуви бўлади ва Ўзбекистоннинг ташкилотдаги раислигига якун ясайди.

Шу муносабат билан кўплаб хорижий оммавий ахборот воситаларида ШҲТнинг Ўзбекистон раислигида ўтган сўнгги бир йил мобайнида эришилган ижобий натижалар ва умуман ушбу ташкилотнинг кейинги ривожланиш истиқболлари ҳақида қатор мақолалар эълон қилинмоқда. Бундай таҳлилларда мамлакатимизнинг ШҲТга раислиги юртимизда кейинги олти йилда амалга ошириб келинаётган фаол ва очиқ ташқи сиёсатнинг мантиқий давоми бўлгани, асосий эътибор савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, транспорт-коммуникация имкониятларини кенгайтириш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш каби устувор йўналишларга қаратилгани эътироф этилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг ШҲТга раислиги даврида 80 дан ортиқ йирик тадбирлар амалга оширилган. Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш мақсадида 14 та янги концептуал ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган. ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик соҳаларини мазмунан бойитиш ва институционал кенгайтиришга қаратилган бу ҳужжатлар қаторида транспорт боғлиқлигини ривожлантириш бўйича ШҲТ стратегияси, Минтақалараро савдони ривожлантириш режаси, Инфратузилмани ривожлантириш дастури, «ШҲТ Эзгу ният элчиси» институтини ташкил этиш каби лойиҳаларни алоҳида таъкидлаш зарур.

Аксарият таҳлилчиларнинг фикрларига кўра, Ўзбекистон илгари сурган ташаббуслар фақат бунёдкорлик ва ҳамкорлик руҳида бўлиб, барча томонларнинг манфаатларига тўла жавоб беради ҳамда уларни ҳаётга татбиқ қилиш механизмлари пухта ишлаб чиқилган. Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилишида ҳам ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган ҳужжатлар тўплами имзоланиши кутилмоқда.

Лекин, баъзи оммавий ахборот воситалари томонидан эксперт, сиёсатшунос ёки бошқа соҳаларнинг мутахассиси сифатида тақдим этилаётган айрим муаллифларнинг ШҲТнинг навбатдаги саммити муносабати билан билдираётган фикрлари мақола аввалида келтириб ўтилган инсон психологиясидаги “ҳар ким ўзи хоҳлаган нарсани кўриш” ҳодисаси исботига ўхшаб кетади.

Айрим таҳлилчилар Шанхай ҳамкорлик ташкилотини ғарб давлатлари ва НАТОга қарши турадиган куч сифатида талқин қилишга ҳаракат қилишмоқда ва бу ҳолат ҳозирги гўёки “бир қутб”ли бўлган дунёнинг “кўп қутб”лига айланишига олиб келади, дейишмоқда.

Масалан, йирик бир ахборот агентлиги томонидан публицист деб кўрсатилган К.Двинский ШҲТ истиқболларини қуйидагича кўради: “Бугун Ғарб босими остида бўлган давлатлар атлантик тузилмаларга қарши зарба бериш учун ягона иқтисодий макон ва ҳарбий блокка бирлашишлари керак. Бунинг энг маъқул йўли – ШҲТ доирасида бирлашишдир”. Бу тарғиботчининг таъкидлашича, Америкадан бошқариладиган олдинги дунё парчаланиши аниқ бўлиб, унинг ўрнини Евроосиё маконидаги энг қудратли тузилма бўлган ШҲТ эгаллар экан.

“ШҲТ нафақат Шимолий атлантика шартномаси ташкилоти – НАТОга, балки ғарб давлатлари қарашига асосланган дунё тартибларига ҳам дадил қарши бормоқда”, дейди Россия Халқаро муносабатлар кенгаши директори А.Кортунов.

Ҳатто айрим расмийлар ҳам ШҲТ “ғарб томонидан тиқиштирилаётган бир қутбли дунё тартибларига қарши туришга қодир бўлган кам сонли ташкилотлардан бири” дейишгача боришмоқда.

Шу маънода, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Чжан Мин ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Самарқандда бўлиб ўтадиган учрашуви олдидан ташкилот доирасида турли блокларга қўшилмаслик, ҳар қандай учинчи томонга қарши ҳаракат қилмаслик тамойилларига қатъий риоя қилиниши лозимлигини эслатиб ўтгани бежиз эмас.

Аслида ҳам ташкилотнинг асосий дастури ҳисобланувчи “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Хартияси”да иштирокчи давлатларнинг БМТ Низоми мақсад ва тамойилларига, халқаро ҳуқуқнинг халқаро тинчлик, хавфсизлик ва давлатлар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантиришга қаратилган умумэътироф этилган меъёрларига содиқлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Ушбу ҳужжатда, шунингдек, ташкилотининг мақсад ва вазифалари, фаолиятининг асосий тамойиллари очиқ-ойдин ифодаланган. Иштирокчи давлатлар ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничиликка асосланган ҳамкорликни ривожлантириш, минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, терроризм, сепаратизм ва экстремизмнинг турли кўринишлари, жиноятчиликка қарши биргаликда курашиш шулар жумласидандир.

Барқарор ривожланишга қаратилган савдо-иқтисодий, ижтимоий-маданий ҳамкорликни рағбатлантириш, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан алоқаларни ривожлантириш соҳасидаги вазифалар ҳам батафсил белгилаб қўйилган.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Хартиясида давлатларнинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва чегаралар дахлсизлиги, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, халқаро муносабатларда куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал қилиш сингари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ўз аксини топган.

Ҳужжатда ШҲТнинг бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотларга қарши қаратилмагани тамойили таъкидланган.

Шунга қарамай айрим эксперт ва муаллифлар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида эришилган натижалар ҳамда унинг ривожланиш истиқболларини турлича талқин қилиб, ўзларига маъқул келадиган жиҳатларни излаб топишга ҳаракат қилишмоқда.

Лекин, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти улкан салоҳиятга эга бўлган ҳамда халқаро майдонда нуфузи ортиб бораётган тузилма сифатида ўз фаолиятини турли таҳлилчиларнинг истак ва талқинлари эмас, балки ўзининг ҳуқуқий пойдевори бўлган таъсис ҳужжатларида белгиланган тамойиллар асосида олиб боради.

Таъкидлаб ўтиш керакки, Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари юзасидан муносабати ҳар доим очиқ-ойдин ифодаланиб келган. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев ташкилотга аъзо давлатлар давлат раҳбарлари кенгашининг ўтган йил 18 сентябрида Душанбеда бўлиб ўтган йиғилишидаги маърузасида мазкур ташкилотнинг учинчи давлатлар ва бошқа халқаро ташкилотларга қарши қаратилмаслик тамойилига амал қилиш, минтақавий алоқаларни кучайтириш, дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаш сингари вазифалар устуворлигини сақлаш зарурлигини таъкидлаган эди.

Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг блокларга қўшилмаслик мақоми ва унинг фаолиятини барқарор ривожланиш мақсадларига қаратиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.

Анвар ЭМИНОВ,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ходими.

ЎзА