Президент Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Биринчи Президентимиз ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.

Ислом Каримов бундан ўттиз бир йил олдин мамлакатимизнинг миллий мустақиллигини дунёга эълон қилган эди. Бу давлатчилигимизни ва инсоний ҳақ-ҳуқуқларимизни тиклаб, барча ютуқ ва марраларимизнинг замини бўлди. Шу боис, Биринчи Президентимизга ҳурмат ўз тарихимизга ҳурмат ифодасидир.

Хотира тадбирида Ислом Каримовнинг халқимиз манфаати йўлидаги хизматлари ёдга олинди. Қуръон тиловат қилинди.

Давлатимиз раҳбари устозларни қадрлаш ва ҳамиша ёдга олиш кераклигини, бу ёш авлодга ўрнак бўлишини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, пойтахт жамоатчилиги вакиллари ҳам Биринчи Президентимиз ҳайкалига гуллар қўйди.

Шундай тадбирлар Самарқанд ва Қарши шаҳарларида ҳам ўтказилди.