Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 август куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари кун тартибидаги долзарб масалалар кўриб чиқилди, минтақавий ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.

Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш, хусусан, Ўзбекистон ва Россиянинг ҳудудлари ва тадбиркорлари даражасидаги устувор кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг етти ойида товар айирбошлаш 30 фоизга ошди. Айни пайтда савдо кўрсаткичларининг ўсиши юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни ўзаро етказиб беришни кўпайтириш ҳисобига таъминланмоқда.

Ҳудудлар ўртасида фаол ва самарали алмашинувлар амалга оширилмоқда, шу йилнинг кузида учинчи Ўзбекистон-Россия ҳудудлар форумини ўтказиш режалаштирилган. Муҳим инвестицион лойиҳалар ва маданий-гуманитар дастурлар давом эттирилмоқда.

Суҳбатда Ўзбекистон ва Россия етакчилари, энг аввало, амалий шерикликни аниқ, сифатли мазмун билан бойитиш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттириш орқали мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини қайд этдилар.

Шунингдек, бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси муҳокама қилинди. Давлат раҳбарлари жорий йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитини ташкил этиш ва ўтказиш масалаларига алоҳида тўхталдилар.

Ўзбекистон Президенти ва Россия Президентининг телефон орқали мулоқати ҳар доимгидек конструктив, очиқ ва дўстона руҳда ўтди.