Президентимизнинг жорий йилнинг 4 августда «Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш ва бошқарувчи ташкилотларни молиявий соғломлаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан 2022 йил 1 сентябргача муаммоли кредит қарзи бор уй-жой мулкдорлари ширкатининг (ЖEК) бошқарув усулини ўзгартириш бўйича умумий йиғилиш қарори қабул қилинса, улар давлат томонидан қўллаб-қувватланади.

Қарорга кўра, муаммоли банк кредитлари бор ширкатлар банкнинг хулосаси олинган тақдирда, тугатилиши мумкин. Тугатилган ёки бошқариш усули ўзгартирилган ширкатлар бошқарувидаги кўп квартирали уйларни бошқариш учун қоида тариқасида рейтинги юқори бўлган бошқарувчи ташкилотлар жалб қилинади.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги жалб қилинган бошқарувчи ташкилот фаолиятини, хизматлар сифатини 6 ой мониторинг қилади ва кўп квартирали уйларни бошқариш фаолиятини амалга ошириш қоидаларига риоя қилмаган бошқарувчи ташкилотларга чораларни қўллайди.

2022 йил 1 ноябрдан кўп квартирали уйларни бошқариш органлари бошқарув фаолиятини, улар электрон реестрга киритилганидан сўнг амалга оширади. Уйларни қуриш лойиҳа ҳужжатларида, кадастр паспортида умумий фойдаланишдаги мулк рўйхати аниқ кўрсатилади.

Қурилиши тугалланган кўп квартирали уйларга рухсатнома берилганидан сўнг лойиҳа ҳужжатлари, кадастр паспорти ва мазкур рухсатномага умумий мол-мулкни камайтириш ва туташ ерда қўшимча объект қуриш учун ўзгартириш киритиш тақиқланади.

ЎзА