Ҳафтанинг ҳар шанба ва якшанба кунлари ЎзАда жаҳон адабиётининг буюк вакили Чингиз Айтматов ва япон мутафаккир-адиби Икэда Дайсакунинг турли мавзулардаги суҳбатини эътиборингизга ҳавола этиб борамиз.

Суҳбат Чингиз Айтматовнинг «Буюк руҳ қасидаси» номли китобидан таржима қилинган…

(Давоми. Олдинги қисми 23 июлда эълон қилинган)

Ч.Айтматов: – Албатта.  Ахир униси  ҳам, буниси ҳам ўз вақтида одамларнинг реал дунёқараши, ҳаёт ҳақидаги тасаввурларини, адолат ва эзгуликка интилишларини, ҳақиқат учун кураш ғояларини ифода этган. Агар афсона ёки ривоятлар ўз ичига олган социал-ахлоқий тажриба асло порлоқ пастораль эмас, аксинча, одатдагидай драматик, ҳатто баъзан фожеали бўлса, улар замиридаги шафқатсиз воқеликдан “дам олиш” ҳақида қандай гапириш мумкин?  Бу кўпинча халқ бошига тушган мусибат ва азоб-уқубатларнинг қонли солномаси-ку.

Икэда: – Японияда “кампир унутиб қолдирган ғам” ҳақида ажойиб бир ривоят бор. Қадимги таомиллардан бири ҳақида эшитгандирсиз, она кексайиб қолгач, ё ўзи, ё болалари ёрдамида тоққа кетиб, қолган ҳаётини ҳаммадан олисда ўтказган ва ёлғизликда жон берган, чунки аёл қариб, кучдан қолгач, жамият учун ортиқча юк бўлган. “Кампир унутиб қолдирган ғам” ҳақидаги қадимги ривоят халқнинг ночор қатлами фожеасини акс эттиради.

Бир вақтнинг ўзида бу ривоят оддий одамларнинг фожеали синовларда ҳам уларни тарк этмаган идрокидан гувоҳлик беради. Ривоят ва афсоналарнинг безавол қадр-қиймати ана шунда… Феодал ҳукмдорлардан бири қўл остидагиларга: “Кулдан арқон тўқиб олиб келинг” қабилидаги ҳал қилиб бўлмас топшириқлар беришни яхши кўраркан. Кимгаки шундай саволлар берилса, жавоб топмагани учун боши танасидан жудо қилинаркан. Саволлардан бири ёш йигитнинг чекига тушибди, у онасини тоққа олиб бориб ташлашнинг ҳеч иложини топмагани учун ертўлага яшириб қўйган экан. Она саволга жавоб топибди ва бундан мамнун бўлган ҳукмдор кампирларни тоққа жўнатиш ҳақидаги таомилни бекор қилибди. Ушбу афсона халқнинг ўз ақлини ҳокимиятга қарши қўя олишини акс эттириш билан бирга, катталарни ҳурмат қилиш – қимматли ҳаёт тажрибасини авайлашни ўргатади.

Билишимча, мамлакатингизда қарийб одоб доирасидаги ҳақиқатдан йироқ афсоналар ижодиёти классика билан таққосланади, шундай эмасми?

Ч.Айтматов: – Мутлақо ҳақсиз. Қўрқаманки, аллақандай “беқиёс, ўлмас” фидойилар классикага мурожаат қилиб, уни замонавий адабиётда ўзларига ғайриоддий туйилган ҳамма нарса учун қобиқли тўшак қилишдан нарига ўтмай, шу тахлид кўп замонавий ёзувчиларни реализмдан четлатадилар. Классиканинг мактаб-хрестоматияси даражасида қабул қилиниши кенг тарқалган, деб ўйлайман. Ахир агар бу каби ўқувчи ва танқидчилар мантиғига эргашадиган бўлсак, тортинишнинг нима кераги бор, энг аввало, Гоголни реализмдан четлаштириш керак! Асов, дағал, саркаш нимаики бўлмасин – фантастика эмасми! Рус реализмининг пойдевор тоши – “Ўлик жонлар”ни олайлик. Хўш? Шу эмасми, рамзий ифоданинг, муболағанинг, шоирона тасаввур кенгқамровли алангасининг илоҳий тантанаси? Гоголми, ё кимнинг реализмини сеҳрли деб атаган бўлсам, ўқувчини сеҳрлаб, уни афсонавий-мажозий “уч қуш” образининг мафтункор руҳига, бошқача айтганда, қаҳрамонларнинг жонли, аниқ феъл-атворини мужассамлантирган, дунёни яхлит тасвирлаган, уни шитоб билан барча мукаммаллик ва чексизликлар томон бурган фантастик ҳақиқат, ғоя, фикр ва туйғуга ишонишга мажбур қилади. Ҳақиқий ёзувчи яратади, яъни умуминсоний ва ўз фалсафий, ахлоқий, эстетик тажрибаси асосида янги бадиий ҳақиқатни очади, бунинг учун барча арзирли ва зарур тасвирий воситалардан фойдаланади. Достоевский, Гофман, Бальзак, Булгаков, Томас Манн, Твардовский (“Нариги дунёдаги Тёркин”), Хемингуэй, Апдайк, Маркес – айримларга қандай ёзиш, ўзини тўлқинлантирган фикрни ифодалашда қайси усулдан фойдаланиш ҳақида умуман савол қолдирмайдиган яна қанчадан қанча ҳамма вақтларнинг ва халқларнинг ёзувчиларини санаш мумкин.

Икэда: – Ўзингизнинг ва бошқа айрим муаллифларнинг афсона ижодиётига қизиқишини нима билан изоҳлайсиз, афсона ва аллегориялар замонавий жамиятнинг социал-маънавий ҳаётидаги реал жараённи очиб беришга кўмаклашадими?

Ч.Айтматов: – Зилзила бу – ер остини ёритувчи фонар, деганди қайси бир олим. Аслида нега вақти-вақти билан вулқон отилиб туради? Мен бундай таққослашнинг мукаммал эмаслигини тушунаман, аммо унинг барча нисбийлик ва шартлилигини ҳисобга олиб, аминманки, узоқ мудраган, абадий йўқ бўлиб кетгандай туйилган афсоналар, ривоятлар, нақллар инсон хотирасида жонланиши ва ишга тушиши тасодифий эмас, замон талабларига, илмий-техник тараққиётга зид эмас, айниқса, “нормал реалист” каби ёзишни эплолмайдиган аллақандай муаллифларнинг хархашаси ёки жоҳил иродасига кўра эмас.

Хўш, сабаб нимада? Афсоналар ижодиёти деб аталмиш нарса замонавий адабиётнинг бадиий тафаккурида нимани англатади? Танқидчининг кесатиқли лутфи: “Тўқима!”. Қаттиққўл-дадил ўқувчи дейди: “Урф!” Эҳтимол, бу ерда мантиқ мана бундай: отасининг (русумдаги муаллиф – Шекспир), бақувват эманнинг (Толстой), иблиснинг (Достоевский), балиқнинг (Хемингуэй) ва бошқаларнинг соясида туриб гапириш урфга кирган. Замонавий ёзувчиларга эса нима осон: дидингга ва имкониятингга қараб хоҳлаган урфингни танла ва – ўз “тўқима”нгни тўқиб олавер. Менга, мисол учун: “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” қаҳрамонларидан бирига оддий қайиққа қарата “Биродарим кояк!” деб айттиришнинг нима кераги бор эди?” дейишса, бу менга керак эмаслиги, қаҳрамоннинг ўша каяк учун инсон ҳақиқатдан ҳам биродар деган фалсафаси ва кўнглидаги об-ҳавони очиб бериш учун кераклиги ҳақида тушунтириш қандайдир ноқулай. У уни ўз қўллари билан ясади, унинг ичига кўнглини, энди эса табиий офатни енгиш умидини ҳам ортди. Ахир биз машинамизни ҳам биродаримиз деб ўйламаймизми? Гарчи ҳар кимга ҳар хил бўлса-да.

(Давоми бор)

Рус тилидан ОЙДИННИСО таржимаси