ФОТОРЕПОРТАЖ
Нукус шаҳрида И. В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида “Оролбўйи археологиясида В. Н. Ягодиннинг илмий мероси” номли кўргазмаси очилди.
Кўргазмада Ўрта Осиёдаги энг қадимий оромий (арамей) алифбосидаги ёзув, қабрдан чиққан бронзадан ясалган қозон, бронза ойна қолдиқлари, ўрта асрларда қимматбаҳо суюқликларни ташиш учун қўлланилган махсус сопол идиш (симоб кўзача), турли хил мунчоқлар ва ўрта аср шиша буюмлари намойиш этилмоқда. Кўргазма Қорақалпоғистон археология илмий мактаби асосчиларидан бири, тарих фанлари доктори В. Н. Ягодин (1932-2016 й.)га бағишланади.
Ягодин ҳаётининг асосий қисмини қуйи Амударё археологияси ва Кердер маданияти муаммоларини ўрганишга бағишлади ва Миздакхон, Тўққалъа, Хайванқалъа, Куюкқалъа, Устюртнинг дастлабки кўчманчилари ёдгорликларида илмий изланишлар олиб борди. Унинг меҳнати давлатими томонидан муносиб баҳоланиб, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.
Кўргазма доирасида В. Н. Ягодиннинг ҳаёти ва илмий ютуқларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда юртимизнинг атоқли археолог олимлари, талабалар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат) ЎзА