Президент ҳузурида давом этаётган фармацевтика соҳасини ривожлантириш бўйича йиғилишда аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлаш бўйича тегишли вазирлик ва идораларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш лозимлиги таъкидланди.

Бу фақат Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг иши эмаслиги, балки:

– Соғлиқни сақлаш вазирлиги талабни шакллантириши ва сифатли маҳаллий дориларни қидириб топиши;

– Молия вазирлиги кафолатли давлат харидларини жорий қилиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини кенгайтириши;

–Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги яратилаётган кенг имкониятлардан фойдаланиб, лойиҳаларни кўпайтириши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

–Агар вилоят ҳокимлари 200 дан зиёд фармацевтика корхоналари билан учрашиб, масалани ичига кирганида эди, кўп муаммолар жойида ҳал бўларди,– деди Президентимиз.

Фармацевтика агентлигида лойиҳалар билан ишлаш тизимини мутлақо янгидан ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.

Бунинг учун Инвестиция вазирлигидан агентликка биринчи ўринбосар – Улуғбек Эгамов тайинлангани маълум қилинди. Унга агентлик тизимига янги инвестиция муҳитини олиб кириш шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Агентлик ва вилоят ҳокимлари олдига жорий йилнинг ўзида 80 миллион долларлик 34 та лойиҳани ишга тушириш вазифаси қўйилган. Мисол учун, жорий йилда Тошкент фармацевтика паркида 50 миллион долларлик 2 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган.

Жами ушбу кластерда 3 йилда 280 миллион долларлик 6 та корхонани ишга тушириш кўзда тутилган.

Ёки, Бухоро, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразмда атиги 1 тадан энг оддий дориларни ишлаб чиқарадиган корхона мавжуд бўлсада, мазкур вилоятлар келгуси 2 йилда бор-йўғи 2 тадан янги лойиҳани амалга оширишни режа қилган.

Мутасаддиларга йирик хорижий компаниялар билан музокаралар ўтказиб, камида 10 та брендни жалб қилиш бўйича келишувга эришиш топширилди.

ЎзА