Бугун Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоеванинг мамлакатимизга Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун ташриф буюрган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим бошчилигидаги делегация билан учрашуви бўлиб ўтди.

Сенат Раиси меҳмонларни қутлар экан, ТДТ ва Туркиянинг нуфузли делегациясининг мазкур тадбирда иштирок этиши Ўзбекистон билан кўп қиррали муносабатларни янада изчил ривожлантиришга ва ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Мулоқот чоғида мамлакатимиз ва Туркий давлатлар ташкилоти ўртасидаги кўп қиррали мунoсaбaтлaрнинг бугунги ҳoлaти вa истиқбoллaри муҳoкaмa этилди.

Бинали Йилдирим Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида мамлакатимизда сўнгги олти йил мобайнида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижаларини кўришдан бахтиёр эканлигини изҳор этди. Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг конструктив сиёсат юритиши Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни янада ривожлантиришнинг асоси эканини таъкидлади.

Учрашувда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, шу жумладан савдо ва транспорт соҳаларини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Суҳбат чоғида Туркий давлатлар ташкилоти олдида турган вазифаларини амалга оширишда парламент аъзоларининг ролини кучайтириш муҳимлигига ҳам эътибор қаратилди.

ЎзА