Хориждан нуфузли мутахассислар жалб қилиниб, тиббиёт соҳасида малака ошириш тизими мутлақо янги ёндашувлар асосида тўлиқ ўзгаради.

Бунда, 11 та тиббиёт олийгоҳида малака ошириш ва қайта тайёрлаш факультетлари, 23 та ихтисослашган марказларда махсус ўқув курслари ташкил этилади.

Бу ҳақда “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида давом этаётган Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқотида маълум қилинди.

Шунингдек, йирик ва нуфузли хусусий шифохоналарда тиббиёт олийгоҳларининг клиник базалари ташкил этилиб, уларга ҳам шифокор ва ҳамширалар малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлашга рухсат берилади. Шу муносабат билан Республика тиббий ходимлар касбий малакасини ривожлантириш ҳамда Ўрта тиббиёт ходимлари малакасини ошириш марказлари фаолияти тўлиқ қайта кўриб чиқилади.

Бу ташкилотлар энди фақат замонавий методикаларни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш билан шуғулланади. Шу билан бирга, шифокорларнинг малака тоифасини олиш муддатлари қайта кўриб чиқилади.

Бунда, тоифасиз ходимларга талаб этиладиган иш стажлари 5 йилдан 3 йилга, биринчи тоифага – 7 йилдан 5 йилга, олий тоифага – 10 йилдан 7 йилга қисқаради.
–Соғлиқни сақлаш тизими ривожланган мамлакатларда ўрта тиббиёт ходимларининг билим даражаси, малакаси ва масъулияти врачлардан кам эмас. Бизда эса ҳамма масъулият шифокорлар зиммасида қолиб кетган. Шу боис, тизимда врачлар етишмайди. Ўрта тиббиёт ходимлари сони эса эҳтиёждан ортиқ даражада, яъни сони кўп, хизмат сифати паст.

Мисол учун, жорий йилда 20 минг нафар, 2023 йилда 34 минг нафар ёшлар тиббиёт коллежи ва техникумларини тугатади. Лекин, соҳада ўрта тиббиёт ходимларига бўлган эҳтиёж, йилига ўртача 10 минг нафарни ташкил этади, холос. Бу масалани тўғри ҳал қилиш учун, ўтган йили оилавий шифокорларнинг 60 дан зиёд функциясидан 25 тасини ҳамшираларга ўтказиш, бунинг учун уларни ўқитиш тизимини қайта кўриб чиқиш бўйича қарор қабул қилган эдик, – деди Президент. Лекин, 11 та тиббиёт олийгоҳи ва 27 та тиббиёт коллежи ҳамда 47 та техникум бир-биридан ажраган ҳолда фаолият юритиб келгани сабабли ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлашда сифат ўзгармаяпти.  Шу боис, ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш тизими ҳам қайта кўриб чиқилиб, тиббиёт коллежлари ва техникумлари трансформация қилинади.

Бунда, хорижий ҳамкорлар билан халқаро илғор тажриба асосида, ҳамшираларни тайёрлашнинг янги мактаби яратилади. Оддий қилиб айтганда, жарроҳлик амалиётидан кейинги муҳим жараён, яъни беморнинг “оёққа туриши” учун (интенсив терапия ва реабилитация) барча даволаш ишларини бажара оладиган малакали ҳамшираларни тайёрлаш тизими йўлга қўйилади.

Энди барча тиббиёт коллежлари ва техникумлари, олий таълим муассасаларига бириктирилади. Олийгоҳлар таълим ва амалиёт сифати учун бевосита масъул бўлади.
Тиббиёт олийгоҳларининг клиникалари, республика тиббиёт марказлари, уларнинг филиаллари ва шифохоналар тиббиёт коллежлари ва техникумлари учун клиник база бўлиб хизмат қилади.

Олий таълим муассасаларининг барча кафедралари ўз йўналишида коллеж ва техникумларга замонавий ўқитиш методикаси ва технологияларини ўргатади, муаллимлар ва ўқувчиларнинг билимини ҳаққоний баҳолаб боради.

Бунда коллеж ва техникумларнинг иқтидорли ўқувчиларини саралаб, уларни келгусида олий таълим муассасаларида ўқишини давом эттиришига шароит яратилади.

ЎзА