Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев тиббиёт соҳаси ходимлари билан очиқ мулоқотда ҳамшираларни тайёрлаш тизими янгиланиши борасида ҳам асосли фикрларни билдирди.

– Бизда ҳамшира деганда, кўз олдимизга фақат “укол” қилишни биладиган тиббиёт ходимлари келади. Лекин, соғлиқни сақлаш тизими ривожланган мамлакатларда, ўрта тиббиёт ходимларининг билим даражаси, малакаси ва масъулияти врачлардан кам эмас. Бизда эса ҳамма масъулият шифокорлар зиммасида қолиб кетган. Шу боис, тизимда врачлар етишмайди. Ўрта тиббиёт ходимлари сони эҳтиёждан ортиқ даражада, яъни сони кўп, хизмат сифати паст. Мисол учун, жорий йилда 20 минг нафар, 2023 йилда 34 минг нафар ёшлар тиббиёт коллежи ва техникумларини тугатади. Қаерда уларни ишлатамиз?

Соҳада ўрта тиббиёт ходимларига бўлган эҳтиёж йилига ўртача 10 минг нафарни ташкил этади, холос. Бу масалани тўғри ҳал қилиш учун ўтган йили оилавий шифокорларнинг 60 дан зиёд функциясидан 25 тасини ҳамшираларга ўтказиш, бунинг учун уларни ўқитиш тизимини қайта кўриб чиқиш бўйича қарор қабул қилган эдик. Лекин, 11 та тиббиёт олийгоҳи ва 27 та тиббиёт коллежи ҳамда 47 та техникум бир-биридан ажраган ҳолда фаолият юритиб келгани сабабли ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлашда сифат ўзгармаяпти, – деди давлат раҳбари.

Шу боис, ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш тизими ҳам қайта кўриб чиқилиб, тиббиёт коллежлари ва техникумлари трансформация қилинади. Бунда хорижий ҳамкорлар билан халқаро илғор тажриба асосида ҳамшираларни тайёрлашнинг янги мактаби яратилади. Оддий қилиб айтганда, жарроҳлик амалиётидан кейинги муҳим жараён, яъни беморнинг “оёққа туриши” учун (интенсив терапия ва реабилитация) барча даволаш ишларини бажара оладиган малакали ҳамшираларни тайёрлаш тизими йўлга қўйилади.

Таъкидланганидек, эндиликда барча тиббиёт коллежлари ва техникумлари, олий таълим муассасаларига бириктирилади. Олийгоҳлар таълим ва амалиёт сифати учун бевосита масъул бўлади.

ЎзА