Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Янги иш ўринларини ташкил этиш, иқтисодиёт тармоқлари корхоналари ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтиришда уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ йўналтирилган ва тизимли ишлар олиб боришда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекс ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини кучайтириш, шу асосда банд бўлмаган аҳолини, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масалаларини ҳал қилиш мақсадида:

1. 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларини аҳоли бандлигини ошириш учун моддий рағбатлантириш ва шахсий масъулиятини кучайтириш тизимини жорий этиш, унга мувофиқ:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари аҳоли бандлиги ўсишининг тасдиқланган ҳар чорак прогноз кўрсаткичлари (кейинги ўринларда – прогноз кўрсаткичлари) бажарилишини таъминлаган тақдирда уларга лавозим маошларининг 15 фоизи миқдорида мукофот тўланади, прогноз кўрсаткичлари бажарилиши таъминланмаган тақдирда лавозим маошларининг 15 фоизи миқдорида жарима шаклида интизомий жазо чоралари қўлланилади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига, иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларига прогноз кўрсаткичлари бажарилиши таъминланган тақдирда лавозим маошларининг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланади, прогноз кўрсаткичлари бажарилиши таъминланмаган тақдирда лавозим маошларининг 20 фоизи миқдорида жарима солинади.

2. Қуйидагилар:

Аҳоли бандлиги ўсишининг прогноз кўрсаткичларини бажарганлиги учун маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларини моддий рағбатлантириш ва шахсий масъулиятини кучайтириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудлари кесимида 2017 йилнинг III ва IV чорагида аҳоли бандлиги ўсишининг прогноз кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда икки ҳафта муддатда 2017 йилнинг III ва IV чорагида аҳоли бандлиги ўсишини таъминлаш ҳудудий прогноз кўрсаткичларини туман ва шаҳарлар кесимида тасдиқласин.

3. Белгилаб қўйилсинки, 2018 йилдан бошлаб:

аҳоли бандлиги ўсишининг прогноз кўрсаткичлари республикамиз ҳудудлари кесимида ҳар чорак бўйича тақсимланган ҳолда, тасдиқланган ҳудудий ва тармоқ ривожланиш дастурларига мувофиқ ташкил қилинадиган доимий иш ўринлари кўрсаткичларини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган ҳар йилги Аҳоли бандлиги дастурига киритилади;

аҳоли бандлиги ўсишининг прогноз кўрсаткичлари шаҳар ва туманлар кесимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланадиган ҳар йилги аҳоли бандлиги манзилли ҳудудий дастурларига киритилади.

4. Қуйидагилар белгилансин:

маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари ва уларнинг биринчи ўринбосарларига ҳамда иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларига мукофот ёки жарима ҳажмини белгилаш учун асос бўладиган аҳоли бандлиги ўсиши кўрсаткичларини аниқлашда банд аҳоли сонининг тасдиқланган прогноз кўрсаткичларига нисбатан ўзгариши ҳисобланади;

банд аҳоли сони Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаётган фуқаролар умумий сони асосида аниқланади;

маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари ва уларнинг биринчи ўринбосарлари ҳамда иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларига мукофот бериш ва уларнинг ойлик маошидан жарима ундириш ҳар чорак прогноз кўрсаткичлари бажарилиши натижаларига кўра келгуси чорак давомида амалга оширилади.

5. Маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларини аҳоли бандлигини ошириш учун моддий рағбатлантириш ва шахсий масъулиятини кучайтириш чора-тадбирларини мувофиқлаштириш бўйича комиссия (кейинги ўринларда – Комиссия) таркиби 3-иловага мувофиқ ташкил этилсин.

Комиссия (А.Н.Арипов):

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан прогноз кўрсаткичларининг ҳудудлар кесимида бажарилиши тўғрисида киритилган маълумотлар асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ва уларнинг биринчи ўринбосарларига нисбатан уларни моддий рағбатлантириш ва шахсий масъулиятини кучайтириш чораларини қўллаш ҳақидаги масалани ҳар чорак якунлари бўйича кўриб чиқсин;

аҳоли бандлиги прогноз кўрсаткичларини бажариш учун моддий рағбатлантириш ва шахсий масъулиятни кучайтириш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар, шунингдек, иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларига нисбатан рағбатлантириш ва интизомий жазо қўллаш бўйича тегишли чоралар кўриш тўғрисида таклифлар киритсин.

Комиссияга, зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Меҳнат вазирлиги, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг прогноз кўрсаткичлари амалда бажарилиши динамикасидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиққан асосланган таклифлари бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудлари кесимида тасдиқланган 2017 йилнинг III ва IV чорагида аҳоли бандлиги ўсиш прогноз кўрсаткичларига ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

6. Белгилансинки, прогноз кўрсаткичлари бажарилганлиги учун мукофотлар тўлаш, бажарилмаганлиги учун лавозим маошларидан жарималар ундириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ҳамда уларнинг биринчи ўринбосарларига – Комиссиянинг тақдимномаси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида;

шаҳар ва туман ҳокимлари ҳамда уларнинг биринчи ўринбосарларига – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари қарорлари асосида;

иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларига – иқтисодий комплекснинг республика органлари раҳбарлари қарорлари асосида.

7. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг раҳбарлари, уларнинг биринчи ўринбосарлари, шунингдек, иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларига мукофотлар тўлаш манбаи бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди ҳисобланади.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят,, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, уларнинг биринчи ўринбосарлари, иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарлари ўз иш фаолиятида иқтисодиёт тармоқлари корхоналари ҳамда тадбиркорлик субъектларига улар фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтиришга тўсқинлик қилаётган муаммоларни, жумладан, жойларга чиққан ҳолда тизимли ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатиш, шу асосда банд бўлмаган аҳолини, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масалаларини ҳал қилишга қатъий ва сўзсиз риоя этсин.

9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, уларнинг биринчи ўринбосарлари, шунингдек, иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарлари узлуксиз икки чорак давомида ёки йил давомида уч чоракда прогноз кўрсаткичлари бажарилмаганлиги тақдирда уларнинг аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлари қониқарсиз, деб топилиши ва эгаллаб турган лавозимларига нолойиқлиги масаласи кўриб чиқилиши ҳақида огоҳлантирилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бир ой муддатда иқтисодий комплекс ҳудудий органлари раҳбарларининг аҳоли бандлиги ошишини таъминлашда моддий рағбатлантириш ва шахсий масъулиятини ошириш тартибини, жумладан, тегишли прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва унинг бажарилишини назорат қилишни ҳисобга олган ҳолда, ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                          Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 6 май

* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлиги ва самарадорлигини оширишда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига
 
ШАРҲ 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлиги ва самарадорлигини оширишда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасидан келиб чиқадиган топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.

Қабул қилинган қарор янги иш ўринларини ташкил этиш, иқтисодиёт тармоқлари корхоналари ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтиришда уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ йўналтирилган ва тизимли ишлар олиб боришда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекс ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини кучайтириш, шу асосда банд бўлмаган аҳолини, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масалаларини ҳал қилишга қаратилган.

Қарорга мувофиқ 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб жойлардаги раҳбарларни моддий рағбатлантириш ва уларнинг шахсий масъулиятини кучайтиришнинг принципиал жиҳатдан янги тизими жорий этилмоқда. Унга кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимларига аҳоли бандлиги ўсишининг тасдиқланган ҳар чорак прогноз кўрсаткичларини бажарганлиги ёки бажармаганлиги учун лавозим маошининг 15 фоизи миқдорида мос равишда мукофот берилади ёки жарима солинади, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоятлар, туман ва шаҳарлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига ҳамда иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларига эса улар лавозим маошларининг 20 фоизи миқдорида ҳудди шундай мукофотлаш ёки жарима солиш чоралари қўлланилади.

Қарорнинг муҳим жиҳати шундан иборатки, унда аҳоли бандлиги ўсишининг мезони сифатида аҳолини давлат ижтимоий суғурта ҳамда меҳнат ва пенсия қонунчилиги тизимлари билан қамраб олинган доимий, барқарор ишга жойлаштирилиши белгиланган. Айнан шундай бандлик шакли меҳнат кафолатларини ҳимоялаш, пенсия тўловларини амалга ошириш учун меҳнат стажини ҳисобга олиш, уй-жой сотиб олиш ва олий таълим муассасаларида ўқиш учун олинган кредитларни тўлашда солиқ имтиёзларига эга бўлиш ҳамда аҳолининг кундалик ҳаётида зарур бўладиган бошқа амалдаги қонунчилик меъёрларидан фуқароларимиз тўлақонли фойдаланишига барча имконият яратади.

Шу муносабат билан қарорда жойлардаги раҳбар ходимларга мукофот бериш ёки уларнинг лавозим маошларидан жарима ундириш миқдорини аниқлашда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаётган аҳоли бандлиги ўсишининг прогноз кўрсаткичлари бажарилиши ҳисобга олиниши белгилаб қўйилган.

Аҳоли бандлиги ўсишининг мамлакатимиз ҳудудлари, туман ва шаҳарлари кесимида прогноз кўрсаткичлари 2018 йилдан бошлаб ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган Аҳоли бандлиги дастури ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарорлари билан тасдиқланадиган аҳоли бандлигининг манзилли ҳудудий дастурлари билан белгиланади. 2017 йилнинг учинчи ва тўртинчи чоракларида аҳоли бандлиги ўсишининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудлари кесимида прогноз кўрсаткичлари қабул қилинган мазкур қарор ҳамда маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг тегишли қарорлари билан тасдиқланади.

Қайд этиш муҳимки, мазкур қарор билан Аҳоли бандлиги ўсишининг прогноз кўрсаткичларини бажарганлиги учун маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларини моддий рағбатлантириш ва шахсий масъулиятини кучайтириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди ва ушбу низомда аниқ ва тасдиқланган маълумотларга асосланган ҳолда тегишли раҳбарларга нисбатан рағбатлантириш ёки интизомий жазолаш чоралари қўллашнинг аниқ, равшан ва шаффоф механизмини жорий этиш кўзда тутилди.

Шунингдек, низомда банд бўлган аҳоли сони ва унинг ўсиши тўғрисидаги маълумотлар солиқ хизмати органлари ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг маълумотлар базасидаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўловчи жисмоний шахсларнинг идентификация рақами (СТИР) асосида шакллантирилади.

Низомга мувофиқ меҳнат ҳудудий бошқармаси, давлат солиқ бошқармаси ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бошқармаси аҳоли бандлиги ўсиши прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши тўғрисидаги маълумотларни ҳар чоракда шакллантириб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тақдим этадилар.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари олинган маълумотлар асосида уч иш куни давомида туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ҳамда уларнинг биринчи ўринбосарларини мукофотлаш ёки уларнинг лавозим маошларидан жарима ундириш тўғрисида қарор қабул қилишлари лозим.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси олинган маълумотлар асосида уч иш куни давомида аҳоли бандлиги ўсишининг прогноз кўрсаткичлари бажарилиши тўғрисидаги ахборотни ҳар бир ҳудуд бўйича шакллантириб, мазкур қарор билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раислигида махсус ташкил этилган Маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларини аҳоли бандлигини ошириш учун моддий рағбатлантириш ва шахсий масъулиятини кучайтириш чора-тадбирларини мувофиқлаштириш бўйича комиссияга тақдим этишлари лозим.

Низомга кўра Комиссия олинган маълумотлар асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларини ва уларнинг биринчи ўринбосарларини моддий рағбатлантириш ёки уларнинг шахсий масъулиятини ошириш чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқади.

Шунингдек, тасдиқланган низомга қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Марказий банкга бир ой муддатда аҳоли бандлиги ўсишини таъминлаш учун иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларини моддий рағбатлантириш ва уларнинг шахсий масъулиятини ошириш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топшириғи юклатилган.

Бунда иқтисодий комплекснинг тегишли ҳудудий органлари раҳбарлари учун аҳоли бандлиги ўсишининг кўрсаткичлари ва мезонлари сифатида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида ишга туширилган лойиҳалари, хусусийлаштирилган корхоналарни ривожлантиришнинг “йўл хариталари” ва тўғридан-тўғри инвестициялар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, якка тартибдаги ва оилавий тадбиркорликни, шахсий томорқа ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш бўйича ишга жойлаштирилган фуқаролар ҳамда кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлаш, касб-ҳунарга қайта ўқитиш ва жамоат ишларига жалб этиш ҳисобига ишга жойлашган аҳоли сони қабул қилиниши лозим.

Алоҳида қайд этиш лозимки, қарорда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, уларнинг биринчи ўринбосарлари, иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарлари ўз иш фаолиятида иқтисодиёт тармоқлари корхоналари ҳамда тадбиркорлик субъектларига улар фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтиришга тўсқинлик қилаётган муаммоларни, жумладан, жойларга чиққан ҳолда тизимли ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатиш, шу асосда банд бўлмаган аҳолини, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масалаларини ҳал қилишга қатъий ва сўзсиз риоя этиш тўғрисида топшириқлар берилган.

Шу билан бирга, қарорда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекс ҳудудий органлари раҳбарларининг аҳолини иш билан таъминлаш бўйича шахсий масъулиятини кучайтириш тўғрисида меъёр кўзда тутилган бўлиб, унга кўра тасдиқланган прогноз кўрсаткичлари узлуксиз икки чорак давомида ёки йил давомида уч чоракда бажарилмаган тақдирда уларнинг эгаллаб турган лавозимларига нолойиқлиги масаласи кўриб чиқилади.

Мазкур қарорнинг амалга оширилиши натижасида қуйидагиларга:

биринчидан, аҳолининг барқарор бандлигини таъминлашда тизимли ва аниқ йўналтирилган ишларни амалга ошириш учун маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекс ҳудудий органлари раҳбарларига керакли рағбатлантириш чораларини яратиш ва уларнинг шахсий масъулиятини кучайтиришга;

иккинчидан, давлат ижтимоий суғуртаси, меҳнат ва пенсия қонунчилиги тизимининг барча афзалликлари билан тўлиқ қамраб олинган доимий иш ўринлари ҳисобига аҳоли бандлиги ўсишига;

учинчидан, барқарор бандликни рағбатлантиришнинг янги механизмларини жорий этиш орқали аҳоли даромадлари ошишига ва турмуш даражаси сифати яхшиланишига, солиқ тушумлари ва пенсия ажратмалари базасини кенгайтиришга имкон яратилади.