Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Мамлакатда электр ва газ таъминоти тизимини изчил модернизация қилиш ва технологик қайта жиҳозлаш, энергия тежамкорлик асослари ва етказиб берилган электр энергияси ва табиий газ учун ўзаро ҳисоб-китоблар механизмларини такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда.
Амалга оширилаётган тадбирлар барқарор ижтимоий-иқтисодий ўсиш, ишчанлик фаоллиги ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини, аҳолининг ҳаёт даражаси ва фаровонлигини оширишнинг муҳим омилларидан бири бўлган энергетика тармоғини ривожлантиришга қаратилган.
Шу билан бирга, истеъмолчилар тоифасини инобатга олган ҳолда етказиб берилаётган энергия ресурслари қийматини аниқлашда табақалаштирилган ёндашишнинг мавжуд эмаслиги улардан нооқилона фойдаланишга олиб келмоқда, энергия тежамкор технологиялар ва муқобил энергия манбаларини жорий этишни рағбатлантирмаяпти.
Шаҳарсозлик соҳасидаги амалдаги норма ва қоидалар объектларнинг энергия самарадорлигини таъминловчи замонавий талабларга жавоб бермайди. Шунингдек, бинолар ва иншоотларнинг қурилиши ва реконструкция қилинишида энергия тежамкор материаллар ва технологияларни қўллашга етарли эътиборнинг мавжуд эмаслиги ҳам энергия ресурсларининг ортиқча сарф қилинишига олиб келмоқда.
Электр ва газ таъминоти тизимини янада такомиллаштириш, бозор механизмларини кенг жорий қилиш орқали энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, мазкур соҳада кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида:
1. “Ўздавэнергоназорат” ДИ, “Ўздавнефтгазинспекция” ДИ, “Ўзтрансгаз” АЖ ва “Ўзбекэнерго” АЖнинг фаолияти қониқарсиз деб топилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ, “Ўздавэнергоназорат” ДИ, “Ўздавнефтгазинспекция” ДИ ва “Энергия тежаш миллий компанияси” АЖнинг қуйидаги тартибни белгилаш ҳақидаги таклифлари қабул қилинсин:
а) 2018 йил 1 январдан:
иловага мувофиқ рўйхат бўйича маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва айрим хизматлар кўрсатувчи истеъмолчилар электр энергияси (750 кВАгача бўлган қувватга уланган) ва табиий газ учун тўловларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ўрнатиладиган ўсиб борувчи коэффициентлар ва тарифларга мувофиқ амалга оширадилар;
750 кВА ва ундан юқори бўлган қувватга уланган (бюджет ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос станциялари, шунингдек, Давлат бюджетидан молиялаштириладиган насос станциялари бундан мустасно) истеъмолчилар электр энергияси учун ҳисоб-китобларни иккинчи гуруҳ тарифлар бўйича тўловларни амалга оширадиган юридик шахслар учун тариф миқдорида белгиланадиган сутка вақтларининг табақалаштирилган тарифи бўйича амалга оширади.
Бунда ягона электр энергетика тизимининг энг катта юкламали соатларида (тиғиз пайт – белгиланган тартибда ўрнатилган эрталабки ва кечки “энг катта миқдор”) фойдаланилган электр энергияси учун тўловлар белгиланган тарифга нисбатан 1,5 баравар миқдорда ўсувчи коэффициентни қўллаш орқали, энг кам юкламали соатларда эса (тунги пайт – сутканинг қоронғи вақти) белгиланган тарифга нисбатан 1,5 баравар миқдорда камаювчи коэффициентни қўллаш орқали ва ярим тиғиз пайтда (сутканинг ёруғ вақти) ўрнатилган тариф бўйича амалга оширилади;
давлат органлари ва муассасаларининг бино ва иншоотлари, шунингдек, кўп квартирали уй-жой фондини лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш, қуриш ва фойдаланишга топширишда уларда энергия самарадор ва энергия тежамкор технологиялардан фойдаланилганлиги юзасидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқлиги текширилади;
якка тартибдаги уй-жой қурилишидан ташқари, барча бино ва иншоотларни лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш ва қуришда, иссиқ сув таъминоти учун сертификатланган қуёш сув иситгич қурилмаларини, шунингдек, энергия тежамкор лампаларни мажбурий тартибда ўрнатиш кўзда тутилади;
б) давлат органлари ва ташкилотлари 2022 йил 1 январдан:
уларнинг балансида бўлган бино ва иншоотларда иссиқ сув таъминоти учун фақат сертификатланган қуёш сув иситгич қурилмалари, шунингдек, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ички ёритиш энергия тежамкор лампалардан фойдаланиши шарт;
марказлаштирилган иссиқ сув таъминотидан узиб қўйилади.
3. “Энергия тежаш миллий компанияси” АЖ:
а) Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, “Ўзбекэнерго” АЖ ва бошқа идоралар билан биргаликда уч ой муддатда давлат органлари ва ташкилотлари бино ва иншоотларида қуёш сув иситгич қурилмалари ва маҳаллийлаштириладиган маҳсулотлар асосида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган энергия тежамкор лампаларни ўрнатиш босқичларини, шунингдек, маҳаллийлаштириладиган маҳсулотлар асосида иссиқлик ва электр энергия истеъмоли ҳажмини инобатга олган ҳолда мазкур маҳсулотни аниқ етказиб берувчиларини белгилаш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Давлат органлари ва ташкилотлари икки ҳафта муддатда қуёш сув иситгич қурилмалари ва энергия тежамкор лампаларни жорий қилиш ҳолатлари, иссиқлик ва электр энергияси истеъмоли ҳажми, кадастр ҳужжатларини илова қилган ҳолда улар томонидан эгаллаб турилган майдонлар ўлчами ҳақидаги техник маълумотларни ва ҳудуднинг муҳандислик коммуникациялари акс этган режасини “Энергия тежаш миллий компанияси” АЖ га тақдим этилишини таъминласин;
б) “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ, бошқа манфаатдор вазирлик
ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, иссиқлик ва электр энергияси, шунингдек, биогаз ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи хусусий корхоналар билан биргаликда уч ой муддатда:
иссиқлик ва электр энергияси, шунингдек, биогаз ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга тўғридан-тўғри етказиб бериш билан шуғулланувчи корхоналар томонидан “Ўзбекэнерго” АЖнинг электр тармоқлари ва “Ўзтрансгаз” АЖнинг газ тақсимлаш тармоқларидан фойдаланмаган ҳолда иссиқлик ва электр энергияси ҳамда биогазни реализация қилиш тартибини ишлаб чиқсин;
иссиқлик ва электр энергияси, шунингдек, биогаз ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи хусусий корхоналар томонидан реализация қилинадиган иссиқлик ва электр энергияси ҳамда биогазга тижорат нархларини белгилаш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
4. Белгилансинки, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилиши, энергия самарадор ва энергия тежамкор технологияларни қўллаш борасида эса “Энергия тежаш миллий компанияси” АЖ билан ҳам мажбурий тартибда келишилиши шарт.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, “Энергия тежаш миллий компанияси” АЖ ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
икки ой муддатда бино ва иншоотларни энергетик аудитдан ўтказиш, белгиланган шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқлик паспортини ёки тегишли нормалардан ортиб кетганлик ҳолатини бартараф этиш зарурлиги тўғрисида хулоса бериш, шунингдек, уларнинг энергия самарадорлиги тоифасини аниқлаш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
2018 йил 1 мартга қадар муддатда амалдаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини уларнинг қайта кўриб чиқилиши ва давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаган ҳолда танқидий ўрганиб чиқсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги “Ўзэлтехсаноат” АЖ, “Энергия тежаш миллий компанияси” АЖ, “Ўзбекэнерго” АЖ, Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда энергия тежамкор лампалар ишлаб чиқарилишининг маҳаллийлаштирилишини кенгайтириш ҳамда уларни турар ва нотурар жойларда босқичма-босқич жорий этиш бўйича комплекс дастур лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, “Энергия тежаш миллий компанияси” АЖ, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2018 йил 1 январга қадар муддатда давлат органлари ва муассасаларининг бино ҳамда иншоотлари, шунингдек, кўп квартирали уй-жой фондини энергетик аудитдан ўтказиш дастури лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, “Ўзбекэнерго” АЖ ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2018 йил 1 февралга қадар муддатда фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг мавжуд насос станцияларини уларнинг техник ҳолати, қуввати, балансда сақловчисини аниқлаш, фермер хўжаликлари ер участкаларида электр энергияси ва сув сарфи самарадорлиги нуқтаи назаридан, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари турлари ва республика туманлари кесимида насос станциялари билан суғориладиган ер майдонлари, паст самарали ва энергия кўп сарфлайдиган насосларнинг мавжудлиги, электр энергиясини ҳисоблаш ускуналари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари билан шартномаларнинг мавжудлигини инвентаризациядан ўтказсин.
Инвентаризация якунига кўра, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги “Ўзбекэнерго” АЖ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари давлат хариди ва қишлоқ хўжалигини техника билан жиҳозлашни мақсадли молиялаштириш жамғармаси билан биргаликда 2018 йил 1 мартга қадар муддатда насос станцияларидан фойдаланиш билан боғлиқ эксплуатация қилувчи ташкилотларни, молиялаштиришнинг аниқ манбаларини аниқлаш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
9. “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖ:
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2018 йил 1 июлга қадар муддатда бухгалтерлик, молиявий, ишлаб чиқариш ва бошқарув ҳисобини автоматлаштириш бўйича дастурий комплексларни ўз ичига олган бошқарувнинг ягона ахборот тизимини ишлаб чиқсин ва идоравий бўйсунувидаги корхоналарда жорий этсин;
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил қилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ёқилғи-энергетика комплексини модернизация қилиш ва технологик қайта жиҳозлаш, электр энергияси ва табиий газдан оқилона фойдаланишга ўтиш мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар муваффақиятининг гарови ҳисобланади.
Шу билан бирга, энергетик сектордаги ишларнинг ҳақиқий аҳволи энергия тежамкор технологиялар етарли даражада жорий этилмаётгани ва амалдаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари мукаммал эмаслигидан далолат беради.
Давлат раҳбари томонидан қабул қилинган “Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор мамлакат миқёсида энергия тежамкор услублар ва технологияларни жорий қилишда муҳим қадам бўлди.
Хусусан, 2018 йил 1 январдан бошлаб энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни рағбатлантирувчи бир қатор механизмлар жорий қилинмоқда.
Шу жумладан, пишган ғишт, гипс, цемент ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи, шунингдек, муайян хизматлар кўрсатувчи (ресторанлар, кафелар ва б.) истеъмолчилар уланган қуввати 750 кВА бўлган электр энергияси ва табиий газ учун тўловлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ўрнатиладиган ўсиб борувчи коэффициентлар ва тарифларга мувофиқ амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
Уланган қуввати 750 кВА ва ундан юқори бўлган истеъмолчилар электр энергия учун ҳисоб-китобларни сутка вақтларининг табақалаштирилган тарифи бўйича амалга оширади. Мазкур тартиб бюджет ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос станциялари, шунингдек, Давлат бюджетидан молиялаштириладиган насос станцияларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Республиканинг электр таъминоти тизимига юкламани тенглаштириш мақсадида электр энергиядан фойдаланганлик учун тўловларнинг қулай тарифлари жорий қилинмоқда.
Жумладан, тиғиз пайт – эрталабки ва кечки вақтда (белгиланган тартибда ўрнатилади) фойдаланилган электр энергияси учун тўловлар белгиланган тарифга нисбатан 1,5 баравар миқдорда ўсувчи коэффициентни қўллаш орқали амалга оширилади. Энг кам юкламали соатларда, яъни тунги пайтда белгиланган тарифга нисбатан 1,5 баравар миқдорда камаювчи коэффициентдан фойдаланилади. Бунда белгиланган тариф ярим тиғиз пайтда, яъни сутканинг ёруғ вақтида электр энергия таъминотига тўловлар учун сақланиб қолади.
Давлат органлари ва муассасаларининг бино ва иншоотлари, шунингдек, кўп квартирали уй-жой фондини лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш, қуриш ва фойдаланишга топширишда уларда энергия самарадор ва энергия тежамкор технологиялардан фойдаланилганлиги юзасидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқлигини текшириш талаби жорий қилиниши илғор чора-тадбирлардан бири ҳисобланади.
Шунингдек, якка тартибдаги уй-жой қурилишидан ташқари, барча бино ва иншоотларни лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш ва қуришда, иссиқ сув таъминоти учун сертификатланган қуёш сув иситгич қурилмалари, шунингдек, энергия тежамкор лампалар мажбурий тартибда ўрнатилади.
Шу билан бир қаторда, 2022 йил 1 январдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотларини иссиқ сув таъминотидан узиб қўйиш назарда тутилмоқда. Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида улар иссиқ сув таъминоти учун сертификатланган қуёш сув иситгич қурилмаларидан, шунингдек, ички ёритиш учун мамлакатимизда ишлаб чиқарилган энергия тежамкор лампалардан фойдаланиши шарт бўлади.
Шуни инобатга олган ҳолда, давлат органлари ва ташкилотлари бино ва иншоотларида қуёш сув иситгич қурилмалари ва маҳаллийлаштириладиган маҳсулотлар асосида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган энергия тежамкор лампаларни ўрнатиш босқичларини белгилаш тўғрисида топшириқ берилмоқда. Шунингдек, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни кенгайтириш ва энергия тежамкор лампаларни турар ва нотурар жойларда босқичма-босқич жорий этиш бўйича комплекс дастур қабул қилинади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан иссиқ сув таъминоти учун қуёш сув иситгич қурилмаларининг жорий этилиши ва фойдаланилиши натижасида иситилмайдиган даврда (апрель-октябрь) иситиш станциялари томонидан табиий газ истеъмоли ҳажми деярли 10 миллион куб метр ёки 2,5 миллиард сўмга қисқаради.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда 35 та биогаз ишлаб чиқарувчилар, 10 та қуёш электр энергияси етказиб берувчилар ва микрогидроэлектр станциялардан электр энергияси ишлаб чиқарувчи 5 та корхонанинг имкониятлари тўлиқ очиб берилмаган.
Шу муносабат билан, қарорда муқобил энергия манбаларини жорий этиш юзасидан тадбиркорлик фаолиятини самарали рағбатлантириш учун зарур бўлган ҳуқуқий асосларни шакллантириш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилди.
Бундан ташқари, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан тасдиқланган 300 дан ортиқ шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Шуни инобатга олиб, қарорда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан давлат рўйхатидан ўтказилиши, энергия самарадор ва энергия тежамкор технологияларни қўллаш борасида “Энергия тежаш миллий компанияси” АЖ билан келишилиши назарда тутилмоқда.
Давлат раҳбарининг мазкур қарори, шубҳасиз, Ўзбекистонда замонавий энергия самарадор ва энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этиш бўйича фаолиятни жадаллаштиришга хизмат қилади, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланилишини таъминлайди.