Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

ҚАТТИҚ МАИШИЙ ЧИҚИНДИЛАРНИ ТЎПЛАШ ВА ОЛИБ ЧИҚИШ УЧУН ТЎЛОВЛАРНИ ТЎЛАШ ТИЗИМИНИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Мамлакатда чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини ислоҳ қилиш доирасида ҳудудларни санитар тозалаш бўйича кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш, маиший чиқиндиларни тўплаш ва ҳудудлардан олиб чиқишнинг самарали механизмларини жорий этиш юзасидан изчил ишлар олиб борилмоқда.

Аҳолига санитар тозалаш хизматларини кўрсатиш кўлами ортмоқда, шу жумладан, ҳудудларда 174 та туман (шаҳар) филиалларидан иборат 13 та “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналари ташкил этилди, ушбу соҳага электрон танловлар асосида ҳудудларни бириктиришнинг шаффоф механизмлари орқали тадбиркорлик субъектлари фаол жалб қилинмоқда.

Чиқиндилар билан боғлиқ инфратузилма такомиллаштирилмоқда, тасдиқланган дастурлар доирасида янги чиқинди тўплаш шохобчалари қурилмоқда ва контейнерлар билан жиҳозланмоқда, чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш ишлари билан шуғулланувчи ташкилотларнинг транспорт саройлари янгиланмоқда.

Шу билан бирга ҳудудларда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш ишларида айрим муаммоларнинг мавжудлиги чиқиндилар билан боғлиқ самарали тизимни шакллантиришга ҳамда соҳани янада ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда, жумладан:

биринчидантўлов интизоми даражасининг пастлиги қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатувчи ташкилотларнинг (кейинги ўринларда – хизмат кўрсатувчи ташкилотлар) молиявий кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатиб, асосий фондларни янгилаш ва хизматлар сифатини оширишга инвестиция киритиш имкониятларини чекламоқда, шунингдек, ушбу соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб қилишга тўсиқ бўлмоқда;

иккинчиданистеъмолчиларнинг ва улар томонидан тўланган тўловларнинг ягона ҳисоби амалда юритилмаяпти, бу эса ушбу соҳада нақд пул маблағлари банкдан ташқари айланишига ва уларни ўзлаштириш ҳолатларига замин яратмоқда;

учинчиданмаҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳудудларни санитар тозалаш ва улардаги экологик ҳолатни яхшилаш бўйича ўзларига юклатилган вазифаларни бажариш учун етарли молиявий ва ташкилий имкониятларга эга эмас;

тўртинчиданмаҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик битимлари доирасида ҳамкорликнинг аниқ маъмурий ва бозор механизмлари ишлаб чиқилмаган.

Маиший чиқиндилар билан боғлиқ тизимни янада ривожлантириш, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлаш, аҳолининг сифатли санитар тозалаш хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (кейинги ўринларда – Бюро) зиммасига 2019 йил 1 январдан бошлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун аҳоли томонидан мажбурий тўловлар тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини таъминлаш бўйича қўшимча вазифа юклатилсин.

2. 2019 йил 1 январдан бошлаб шундай тартиб жорий этилсинки, унга кўра:

а) қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар аҳоли томонидан тўлов амалга оширилган ўтган ойдан кейинги ойнинг ўнинчи санасидан кечикмай ягона транзит банк ҳисобварақларига тўланади ва кейинчалик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг махсус ғазна ҳисобварақларига ўтказилади;

б) хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун тўлов Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида тузиладиган давлат-хусусий шериклик битимлари ва шартномаларга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан марказлаштирилган ҳолда амалга оширилади;

в) қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўлов истеъмолчилар ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида тузиладиган шартномаларга мувофиқ бевосита хизмат кўрсатувчи ташкилотларга 100 фоиз олдиндан тўлаш асосида амалга оширилади;

г) қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар тўлаш бўйича жисмоний шахслардан қарздорликни ундириш тўғрисидаги аризалар Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг (кейинги ўринларда – Давлат экология қўмитаси) ҳудудий органлари томонидан тўлов олти ойдан ортиқ тўланмаган тақдирда судларга киритилади;

д) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг махсус ғазна ҳисобварақларида жамланган маблағлар фақатгинаҚорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида тузилган шартномаларга мувофиқ хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар ҳақини марказлашган тартибда тўлашга, шунингдек, ушбу Фармоннинг 4-бандида назарда тутилган мақсадларга сарфланади.

3. Давлат экология қўмитаси ҳудудий органлари ҳузурида юридик шахс ташкил қилмаган ҳолда санитар тозалаш хизматларини ташкил этиш марказлари (кейинги ўринларда – санитар тозалаш марказлари) 1-иловага мувофиқ намунавий тузилма асосида ташкил этилсин.

Бунда, ҳар бир туман (шаҳар)га санитар тозалаш марказининг бир нафардан мутахассиси бириктирилиб, улар тегишли туман (шаҳар)да фаолият юритиши ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ишларига, шунингдек, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашга масъул эканлиги белгилансин.

Қуйидагилар санитар тозалаш марказларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари кўрсатилишини ташкил этиш учун ҳудудларни тадбиркорлик субъектларига бириктириш мақсадида электрон танловларни уюштиришда буюртмачининг ишчи органи вазифасини амалга ошириш;

қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловларни тўловчи жисмоний шахсларнинг (шу жумладан, улар билан бирга яшайдиган шахсларнинг) ҳаққоний ҳисоби туман (шаҳар) ҳокимликлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда юритилишини, шунингдек, ушбу ахборот қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун аҳоли томонидан мажбурий тўловларни тўлаш ва ҳисобини юритишнинг ягона электрон тизимига ўз вақтида киритилишини ташкил этиш;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар ҳамда аҳолига қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш ҳақидаги шартномалар бўйича мажбуриятларнинг хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш;

қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун тарифларни белгиланган тартибда шакллантиришни ташкил этиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари махсус ғазна ҳисобварақларида жамланган маблағлар ҳисобидан марказлашган тўловларни амалга ошириш орқали аҳолига кўрсатилган қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан ўзаро ҳисоб-китобларни таъминлаш;

жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда ҳудудларни санитар тозалаш ва чиқиндилар билан боғлиқ масалалар юзасидан тушунтириш ишларини олиб бориш;

Бюро, туман (шаҳар) ҳокимликлари, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш.

4. Белгилансинки, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари махсус ғазна ҳисобварақларида жамланган маблағларнинг:

5 фоизидан кўп бўлмаган миқдори ҳар йили тасдиқланадиган харажатлар сметаси доирасида санитар тозалаш марказлари фаолиятини молиялаштиришгайўналтирилади;

5 фоизи Давлат экология қўмитаси томонидан тасдиқланадиган смета бўйича Санитар тозалаш бўйича ихтисослаштирилган корхоналар республика бирлашмаси фаолиятини молиялаштиришга, шунингдек, чиқиндилар билан боғлиқ инфратузилмани ривожлантириш тадбирларини амалга оширишга йўналтирилади.

5. Давлат экология қўмитаси 2019 йил 1 январга қадар:

Бюрога тегишли вазифалар ўтказилишини инобатга олиб, “Тоза ҳудуд” ва “Махсустранс” давлат унитар корхоналаридаги якка тартибдаги ва кўп квартирали уй-жойлар участкалари назоратчилари штатлар сонининг қисқартирилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун аҳоли томонидан мажбурий тўловларни тўлаш ва ҳисобини юритишнинг ягона электрон тизими ишлашини, шунингдек, тизимга санитар тозалаш марказлари ва Бюронинг уланишини таъминласин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан биргаликда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловларни тўловчи жисмоний шахсларни хатловдан ўтказсин, уларга шахсий ҳисобварақлар очилишини, шунингдек, мавжуд қарздорлик тўғрисида ахборот қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун аҳоли томонидан мажбурий тўловларни тўлаш ва ҳисобини юритишнинг ягона электрон тизимига киритилишини таъминласин.

6. Белгилансинки, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида:

а) Бюро қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун аҳолидан мажбурий тўловлар тўлиқ ва ўз вақтида тушишини таъминлаш, ушбу соҳадаги қарздорликни камайтириш учун жавобгардир;

б) хизмат кўрсатувчи ташкилотлар Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш қоидаларига қатъий мувофиқ ҳолда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан тузиладиган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар ва шартномалардаги мажбуриятларга риоя этиш учун жавобгардир;

в) Давлат экология қўмитаси:

қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун аҳоли томонидан мажбурий тўловларни тўлаш ва ҳисобини юритишнинг ягона электрон тизимини шакллантириш, мазкур тизимнинг бошқарилишини ва узлуксиз фаолият юритишини таъминлаш;

чиқиндилар билан боғлиқ соҳадаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини белгиланган тартибда амалга ошириш учун жавобгардир;

г) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ўзларининг махсус ғазна ҳисобварақларида жамланган маблағларнинг ушбу Фармоннинг 2-банди “д” кичик бандида ва 4-бандида назарда тутилган мақсадларга ўз вақтида йўналтирилишини ташкил этиш учун жавобгардир.

7. Бюро бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан биргаликда аҳоли қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловларни тўлаши учун тушумларнинг ҳаққоний ҳисобини ва мониторингини юритиш имконини берадиган ягона транзит банк ҳисобварақлари очилишини таъминласин;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва аҳоли ягона транзит банк ҳисобварақлари ҳамда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловларни аҳоли томонидан тўлаш тартиби ҳақида хабардор қилинишини таъминласин.

8. Давлат экология қўмитаси ва Бош прокуратура бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2018 йил 20 декабрга қадар Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш қоидаларининг янги таҳрирдаги лойиҳасини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин, унда:

чиқиндилар билан боғлиқ соҳадаги охирги ўзгаришларни инобатга олган ҳолда истеъмолчилар, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги янги ҳуқуқий муносабатлар тартиби;

қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловларни тўловчи жисмоний шахслар ҳисобини юритиш, шунингдек, белгиланган тарифдан келиб чиқиб тўланиши лозим бўлган ойлик мажбурий тўловлар миқдорини белгилаш механизмлари;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги намунавий битимни ҳамда аҳолига қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги намунавий шартномани тасдиқлаш назарда тутилсин.

9. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат экология қўмитаси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда мазкур Фармоннинг мазмуни ва моҳияти, шу жумладан, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириш зарурлиги, ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун қўлланиладиган жавобгарлик чоралари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига
2-иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.

11. Давлат экология қўмитаси Адлия вазирлиги, Бюро, бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ушбу Фармонга мувофиқлаштирилишини таъминласин.

12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                     Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2018 йил 22 ноябрь

 

ЎзА