Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим
қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Қонуни
Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 21 сентябрда
қабул қилинган
Сенат томонидан 2018 йил 27 сентябрда
маъқулланган
1-модда. 1992 йил 8 декабрда ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, № 1, 4-модда; 1994 йил, № 1,
5-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси,
2003 йил, № 3–4, 27-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 4, 162-модда; 2008 йил, № 12, 637-модда; 2011 йил, № 4, 100-модда, № 12/1, 343-модда; 2014 йил, № 4,
85-модда; 2017 йил, № 4, 135-модда, № 5, 201-модда, № 8, 383-модда)
105-моддасининг биринчи қисмидаги «икки ярим йил муддатга раисни (оқсоқолни) ва унинг маслаҳатчиларини» деган сўзлар «раисни (оқсоқолни)» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган«Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги 915–XII-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 22 апрелда қабул қилинган ЎРҚ–350-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 йил,
№ 4, 96-модда; 2016 йил, № 4, 125-модда, № 12, 383-модда; 2017 йил, № 9,
510-модда; 2018 йил, № 7, 431-модда) қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:
1) 21-модданинг:
бешинчи қисмидаги «ва уларнинг маслаҳатчилари» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
олтинчи қисмидаги «ва маҳаллалардаги» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
2) 23-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«23-модда. Фуқаролар йиғинининг раисини
(оқсоқолини) сайлаш
Фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) уч йил муддатга сайланади.
Фуқаролар йиғинининг раисини (оқсоқолини) сайлаш тартиби қонунда белгиланади».
3-модда. Фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) навбатдаги сайлови 2019 йил май ойида ўтказилсин.
Фуқаролар йиғинлари амалдаги раисларининг (оқсоқолларининг) ва улар маслаҳатчиларининг ваколатлари муддати 2019 йил май ойида фуқаролар йиғинларининг янги раислари (оқсоқоллари) сайлангунига қадар узайтирилсин.
4-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;
ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
5-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг
Президенти Ш.Мирзиёев
Тошкент шаҳри,
2018 йил 15 октябрь
№ ЎРҚ–498